Нукусда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг суд тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Н. Ҳакимова, Судьялар олий кенгаши раиси Х. Ёдгоров, Олий суд раисининг биринчи ўринбосари А.Усманов иштирокида суд соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда одил судлов самарадорлигини ошириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг вакиллари билан мулоқот ўтказилди.
Судьялар билан бўлиб ўтган мулоқотда қайд этилганидек, адолатли суд тизимини яратиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Янги Ўзбекистонни барпо этишда асосий бешта устувор йўналишнинг бири бўлиб, ислоҳотларда муҳим ўрин тутади.

Шунингдек, мулоқотда сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан одил судлов соҳасидаги энг намунали хорижий тажрибаларни ўз ичига олган кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда суд тизими – жамиятда қонунийлик ва адолат устуворлигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши таъкидланиб, ушбу соҳадаги устувор йўналишлар, хусусан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, шаффофлик ва жавобгарлик тамойилларига асосланган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтилди. Шу ўринда бугунги кунда аёл судьялар улуши бўйича республиканинг ўртача кўрсаткичи 15 фоизни ташкил этиб турган бир пайтда, фақатгина Қорақалпоғистонда Гендер стратегиясида белгиланган мақсадга эришилиб, аёл судьялар улуши 38 фоиздан ошганлиги, бу мамлакатимиз бўйича энг юқори ижобий кўрсаткич эканлиги эътироф этилди. Қорақалпоғистоннинг бу борадаги тажрибасини бошқа ҳудудларга намуна сифатида кўрсатиш зарурлиги таъкидланди.

Учрашувда Президентимиз томонидан сўнгги бир ой ичида қабул қилинган тарихий фармонлардан келиб чиқадиган устувор мақсадларга эришиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар ва чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилди. Қайд этилишича, ислоҳотлар доирасида 2030 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикасида 9 та янги суд биносини қуриш, мавжуд бинолардан 11 тасини реконструкция қилиш, 2 тасини капитал таъмирлаш режалаштирилмоқда.
Тадбирда суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, судьяларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, ҳар бир судья қонун ва жамият олдидаги юксак масъулиятини англаши, ҳалоллик, ростгўйлик ва касбий виждонийлик намунаси бўлиши лозимлиги, коррупцияга қарши кураш ҳар бир судьянинг ўз-ўзини англашидан бошланиши кераклиги қайд этилди. Бунинг учун доимий равишда билимларни ошириб бориш, ҳуқуқий тафаккурни чуқурлаштириш ва амалий кўникмаларни мустаҳкамлаш ғоят муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, мулоқотда одил судлов сифатини яхшилаш, судьяларнинг интизоми ва масъулиятини янада ошириш, суд амалиётини такомиллаштириш масалалари юзасидан ҳамда коррупцияга қарши курашиш борасида фикр алмашинилди. Шу билан бирга, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт йили” да экология ва атроф-муҳитни асраш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик билан курашишда жазо муқаррарлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш, суд жараёнларининг тарбиявий аҳамиятини кучайтириш, шунингдек, жамиятимизда зўравонлик, вояга етмаган болаларга нисбатан жиноятлар, гиёҳвандликка қарши муросасиз курашиш борасида қатъиятли бўлиш муҳимлиги қайд этилди.

Судьялар ҳам ўз фаолиятларида учраётган қонунчиликдаги муаммолар юзасидан бир қатор амалий таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди. Шунингдек, тадбирда судлар фаолияти самарадорлигини ошириш, очиқлик ва шаффофликни кучайтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни изчил амалга ошириш лозимлиги, бу эса жамиятнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашнинг муҳим шарти эканлиги таъкидланди.
Ишчи гуруҳ аъзолари шаҳар ва туман судларида бўлиб, улардаги судья ва ходимлар, шунингдек фуқаролар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Суд бинолари замонавий ва ҳар томонлама талабга жавоб бериши лозимлиги ҳақида мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири