Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд раислари сайёр қабул ўтказди
11:14 / 2026-01-20

Қорақалпоғистон Республикаси судлари раислари томонидан Беруний туманида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.

Унда Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларидан келган фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари қабул қилиниб, атрофлича кўриб чиқилди. Сайёр қабулнинг асосий мақсади аҳолини қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш, фуқароларнинг суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқини таъминлаш ҳамда уларга қонуний ва ҳуқуқий тушунтириш беришдан иборат бўлди.

Қабул давомида фуқаролар томонидан, асосан, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан тайинланган жазони енгилроғига алмаштириш, ишга тиклаш, уй-жой ва ер участкаларига оид кадастр масалалари, алимент ундириш, шунингдек, ижро ҳужжатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат билдирилди.

Суд раҳбарлари ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, амалдаги қонунчилик нормалари асосида тегишли ҳуқуқий тушунтириш бердилар. Шу билан бирга, мурожаатчиларга суд қарорлари билан боғлиқ масалалар фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, тегишли суд инстанцияларида кўриб чиқилиши, бундай жараёнлар муайян муддат ва вақт талаб этиши батафсил изоҳлаб берилди.

Сайёр қабул жараёнида фуқароларнинг мурожаатларига ечим топиш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, суд-ҳуқуқ тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундай сайёр қабуллар аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш, суд тизимига бўлган ишончни ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Қорақалпоғистон Республикаси судлари томонидан бу каби тадбирлар мунтазам давом эттириб келинмоқда.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири