Суд қарорлари ижросини таъминлаш долзарб вазифа
Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси ва вилоят суди ҳамкорлигида суд қарорларини ўз вақтида ижросини таъминлаш самарадорлигини янада ошириш юзасидан ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбир давомида суд ҳужжатлари асосида чиқарилган ижро ҳужжатларининг ижро этилиши аҳволи, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чоралари ҳақида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, суд органлари томонидан ижро ҳужжатларини расмийлаштириш ва уни электрон маълумотлар базасида ҳудудий Бюро органларига юборишдаги айрим тушунмовчиликларга ойдинлик киритилиб, масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.


Бундан ташқари, суд ҳужжатларини ўз вақтида ижрога қаратиш, қолдиқдаги ижро ҳужжатларини Бюронинг ҳудудий туман-шаҳар бўлимлари билан ҳамкорликда кескин камайтириш масалалари муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири