Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд қарорлари ижроси самарадорлигини ошириш масаласи муҳокама этилди
16:49 / 2022-06-15

Тошкент туманлараро иқтисодий суди ҳамда Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида “Суд ҳужжатлари ижроси самарадорлигини ошириш, бу борада юзага келаётган муаммолар таҳлили ва ечими” мавзуида амалий мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда суд ҳужжатларини ўз вақтида ижросини таъминлаш, ижро жараёнида юзага келаётган муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, суд қарорлари ижроси самарадорлигини ошириш, бу орқали тадбиркорликларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ва давлат ижрочиларининг масъулиятини оширишнинг аниқ вазифалари ва механизмларини белгилаб олиш масалалари муҳокама қилинди. 

Иштирокчилар суд қарорларининг ижросини ўз вақтида таъминлашнинг аҳамияти ва роли ҳақида гапириб, бу борада масъулиятни ошириш давр талаби эканлиги, суд қарорлари ижросини такомиллаштириш, бу борада яқиндагина қонунчиликка киритилган ўзгартишларни қайд этиб, ижро самарадорлигини ошириш юзасидан кўрилиши лозим бўлган чораларни белгилаб олиш зарурлигини таъкидлашди.

Шунингдек, 2021 йил ва 2022 йил 3 ойи давомида ижрога қаратилган суд ҳужжатлари ижросини таъминлашда учраётган муаммолар алоҳида муҳокама қилинди. Муаммоларнинг ечими борасида ҳар икки тараф ҳам ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. 

– Суд ҳужжатларининг ижро этилиши, бу борадаги илғор хорижий давлатлар тажрибасидан кенг фойдаланиш, суд ҳужжатларини тўғридан-тўғри ижросини таъминлаш тамойилига ўтишнинг вақти келди, – деди Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси Нуриддин Муродов. – Алоҳида ижро варақа бериш институти аллақачон эскирган. Бугунги АКТ замон талабларига мос бўлмаган эски тизим, амалда ижро жараёнида ундирувчининг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашда сунъий тусиқларни юзага келтирмоқда. Аслида суд ҳужжати тўғридан-тўғри ижро этилиши керак. Лекин амалиётда бундай ҳолатлар учраб турибди. Суд ҳужжатлари ижросини қонун ижодкорлиги нуқтаи назаридан ҳам, ижро тизимининг техник механизмларини такомиллаштириш жиҳатидан ҳам қайта кўриб чиқиш зарур. 

Якунда амалий мулоқот иштирокчилари, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси, ФПК, ЖПК ҳамда “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонун талабларига қатъий риоя қилиш, суд қарорлари ижроси самарадорлигини ошириш, қолдиқ ижро ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиб, қисқа муддатларда ижросини таъминлаш каби қатор вазифалар белгилаб олинди. 

Гулноза Бобоева, ЎзА