Суд қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода, Навоий вилоятида Мажбурий ижро бюроси томонидан амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги билан эътиборга молик. Жорий йилда вилоятда жами 358 минг 512 та ижро ҳужжати бўйича 4 триллион 281 миллиард сўмлик ижро ҳаракатлари олиб борилган.
Ушбу кўрсаткичнинг ўзиёқ ижро органлари зиммасига тушаётган юкламалар йил сайин ошиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, ижро интизоми таъминланишида муайян ижобий силжишлар ҳам кузатилмоқда.
Таҳлил шуни кўрсатадики, ундирилган маблағларнинг катта қисми давлат фойдасига йўналтирилган. Бу, айниқса, солиқ қарздорлигини ундиришда сезиларли самара берилгани билан изоҳланади. Мазкур йўналишда 522 миллиард сўм маблағ амалда ундирилган. Бу эса давлат бюджети барқарорлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Бюро томонидан ижтимоий йўналишдаги ижро ишлари ҳам олиб борилган. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” жамғармаларига 48,1 миллиард сўм ўтказилгани, ўтган йилга нисбатан 14 миллиард сўмлик ўсиш қайд этилгани ижро органлари фаолиятининг аҳоли турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатаётганини англатади.
Алимент масалаларида эришилган натижалар эса ижтимоий барқарорлик нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Жумладан, якунланган 2025 йилда 164 миллиард сўмдан зиёд алимент маблағларининг ундирилиши, 530 га яқин оиланинг яраштирилиши ва 500 нафардан зиёд ишсиз алимент тўловчининг бандлиги таъминланиши фақат молиявий эмас, балки ижтимоий муаммоларни бартараф этишга қаратилган комплекс ёндашув мавжудлигини кўрсатади.
Шу билан бирга йил бошига нисбатан ижро ҳужжатлари қолдиғининг 17 минг 970 тага, сумма жиҳатдан эса 150 миллиард сўмга ошгани ижро тизимига келиб тушаётган ҳужжатлар оқими ҳануз юқори эканини англатади. Айниқса, коммунал ташкилотлар фойдасига ундириш билан боғлиқ ижро ишларининг муайян қисми ҳали ҳам ижро жараёнида экани соҳага қўшимча чора-тадбирлар зарурлигини кўрсатади.
Шунингдек, 2 йилдан ортиқ муддат ижроси таъминланмаган суд қарорларининг 79 фоизи тамомлангани ижобий ҳол бўлса-да, қолган ижро ҳужжатлари бўйича ишлар давом этмоқда. Бу эса узоқ муддатли ижро ишларини қисқартириш бўйича янада таъсирчан механизмлар жорий этиш зарурлигини кўрсатади.
А.Бўриев, ЎзА