Суд қарорининг ижроси таъминланди
Сирдарё туманида жиноят ишлари бўйича суднинг қонуний кучга кирган ҳукмининг ижроси тўлиқ таъминланди. Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш орқали “Ҳудудий электр тармоқлари” корхонасига етказилган 41 миллион 455 минг сўм моддий зарар қарздордан ундирилиб, корхона ҳисоб рақамига ўтказиб берилди.
Ушбу ижро ҳаракатлари жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг ижро ҳужжати асосида Мажбурий ижро бюросининг Сирдарё туман бўлими томонидан белгиланган тартибда амалга оширилди. Ижро жараёнида қарздорга етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплаш имконияти берилган бўлса-да, белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаган.
Натижада суд ҳукми ўзгартирилиб, қарздорга нисбатан жазо чораси кучайтирилди ҳамда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қатъий ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилиши орқали моддий зарар тўлиқ ундирилишига эришилди.
Шунингдек, суд ижро ҳужжатини ўз вақтида бажармагани учун қарздордан қонун талабларига мувофиқ равишда 2 миллион 100 минг сўм миқдорида ижро йиғими ҳам ундирилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири