Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд қарори билан ундирилган кредит қарздорлигига нисбатан фоиз ва пеня ҳисоблаш тўхтатилди
12:18 / 2024-02-29

2024 йил 28 февралда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Янги қонунда нималари назарда тутилган? Шу ҳақда Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманлараро судининг судьяси Гулруҳ Мамараимова билан суҳбатлашдик.  

– Мазкур қонун Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган.    

Қарорнинг 10-бандида 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши белгиланган.  

Қарорда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, шунингдек, кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим объектив сабабларга кўра кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда, кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати юзага келганлиги сабабли янги қонун қабул қилинди.  

– Кредит қарздорлигига нисбатан фоиз ва пенялар ҳисоблаш бўйича қандай тартиб белгиланди?  

– Қонун билан Фуқаролик кодексининг 744-моддасига кредит қарздорлигига нисбатан фоиз ва пенялар ҳисоблаш бўйича янги тартибни белгилаган қоидалар киритилди. Яъни, кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Амалдаги тартибга кўра, кредит ташкилоти кредит олувчи томонидан кредитни қайтариш интизоми бузилганда (шартнома ёки қонунда кўрсатилган ҳолатларда) кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундиришга ҳақли бўлиб, шунингдек, кредит қарздорлиги суд қарори билан ундирилгандан сўнг ҳам кредит амалда қайтарилгунгача бўлган даврлар учун фоиз ва неустойка ундириш ҳуқуқига эга эди.

Эндиликда қонунчиликка киритилган қўшимчага кўра, суд қарори билан ундирилган кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.  

Қолаверса, мазкур қонун 2024 йил 28 февралдан кучга кирган  бўлса-да, ушбу қонуннинг ўзида қонуннинг орқага қайтиш кучи ҳам назарда тутилган. Яъни, суд қарори билан ундирилган асосий кредит қарзига нисбатан фоиз ва неустойка ундириш 2024 йилнинг 1 январидан эътиборан юзага келган муносабатларга ҳам татбиқ қилинади.  

– Кучга кирган қонун орқага қайтиш хусусиятига эга бўла оладими?  

– Фуқаролик кодексининг 4-моддасида қонуннинг вақт бўйича амал қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаролик қонунчилиги ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади.  

Фақат мазкур норманинг иккинчи қисмида қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилиши қайд этилган.  

Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қилинадиган бўлса, суд қарори билан ундирилган кредитнинг асосий қарзга нисбатан 2024 йил 1 январидан бошлаб фоиз, неустойка ҳамда бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз ҳисобланиши тўхтатилади.  

Шу ўринда эслатиб ўтамизки, қонунда суд қарори билан ундирилган суммага нисбатан фоиз ва неустойка ҳисобланмаслиги микроқарз муносабатларига нисбатан татбиқ қилиниши назарда тутилмаган.

Норгул Абдураимова  

суҳбатлашди.