Фуқаролик ишлари бўйича судларда оилавий низолар билан боғлиқ ўтган йилда 134 мингдан ортиқ иш кўрилган. Ажрашиш ёқасига келиб қолган 5 минг 235 оила яраштирилган.
Меҳнат низоларига оид 14 мингдан ортиқ даъво ариза кўрилиб, уларнинг 59 фоизи қаноатлантирилган. Бу тоифадаги ишлар сони олдинги йилга нисбатан 8,5 фоизга кўпайган.
Суд қарори билан ишга тикланган шахслар фойдасига 155 миллиард сўм мажбурий прогул вақти, тўланмаган иш ҳақи ва зарарлар ундирилишига тўғри келган.
Иқтисодий судлар томонидан 691 минг иш кўрилган. 73 мингдан ортиқ иш бўйича тадбиркорлик субъектлари манфаатида қарорлар чиқарилган. Уларнинг фойдасига 10,8 триллион сўмга яқин миқдоридаги маблағ ундириш белгиланган.
Инвестициявий низоларга оид 144 иш кўрилиб, уларнинг 61 фоизи қаноатлантирилган. Инвесторларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари судлар томонидан тикланган.
3 минг 755 иш судларда тарафлар ўртасида медиатив келишув тузиш орқали якунланган. Бу билан тадбиркорларнинг ортиқча вақт ва сарф-харажатлари олди олинган.
[gallery-27481]
Маъмурий судлар томонидан қарийб 17 минг 714 ишдан 39,5 фоизи бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланган. Давлат бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ғайриқонуний қарорлари бекор қилинган.
Бу рақамлар Ўзбекистон Республикаси Олий судида 2025 йилда судлар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Н.Абдураимова,
А.Алижонов (сурат), ЎзА