Чирчиқ туманлараро иқтисодий судининг 2025 йил 26 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан “Maxam-chirchiq” акциядорлик жамияти фаолияти аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатилди.
Бу Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигинингсудга киритган аризаси сабаб бўлди.
Вазирлик судга мурожаат қилиб, “Maxam-chirchiq” акциядорлик жамиятининг фаолиятини камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатишни сўраган.

Бунга табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга оид қонун ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ижросини таъминланиш юзасидан мазкур жамият фаолиятида ўтказилган текшириш натижаси сабаб бўлган.
Чунки, текшириш давомида 11 ҳолатда камчилик аниқланган. Жумладан, чанг-газ тозалаш ускунасининг самарадорлиги меъёрий ҳужжат талабига жавоб бермаган. Ифлослантирувчи моддалар белгиланган меъёрдан ортиқ чиқарилаётгани маълум бўлган. Кимёвий моддалар белгиланган ҳудудда жойлаштирилмаган. Сув таркибидаги кимёвий моддаларнинг ортиқча чиқарилаётгани, компенсация тўловлари ўз вақтида тўлиқ амалга оширилмагани каби ҳолатлар ҳам аниқланган.
Н.Абдураимова, ЎзА