Андижонда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Мажбурий ижро бюроси Андижон вилояти бошқармаси масъуллари, вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогер ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда бошқарма бошлиғи Отабек Салмонов жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этди.
– Жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида бошқармамиз, туман, шаҳар бўлимларимиз томонидан катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди, – дейди бошқарма бошлиғи Отабек Салманов. – Умумий қиймати 740,4 миллиард сўмга тенг ижро ҳужжатларининг ижроси тамомланди. Шундан 351 миллиард сўмлик 43 мингта ижро ҳужжати бўйича кўрсатилган маблағларнинг ундирилиши таъминланди. Давлат фойдасига 81 миллиард сўм, ҳўжалик юритувчи субъектлар фойдасига 254 миллиард сўм ҳамда фуқаролар фойдасига 16 миллиард сўм миқдорида маблағ ундирилди.
Анжуманда энергия ресурслари соҳасида 10,4 миллиард сўм миқдоридаги қарздорлик ундирилганлиги, ижро ҳаракатлари давомида қарздорлардан 2,5 миллиард сўмлик мол-мулклар қарздорлик эвазига хатловга олиниб, шундан 1 миллиард сўмлик мулклар электрон-онлайн савдога чиқарилганлиги, 105 нафар қарздорнинг 250 миллион сўм миқдоридаги қарздорлиги уларнинг иш ҳақларига қаратилганлиги айтиб ўтилди.
Жорий йилнинг биринчи чорагида алимент ижро ҳужжатлари бўйича 60 миллиард сўмлик алимент пуллари ундирилди. Ана шу давр мобайнида вояга етмаган фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаган 170 нафар фуқаро маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Умуман, бюрога келиб тушган мурожаатларнинг салмоқли қисми 52 фоизини алимент ундирувлари билан боғлиқ мурожаатлар ташкил этган.
[gallery-11525]
Бундан ташқари, МИБ ҳузуридаги “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан 31 нафар алимент олувчига 243,1 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Бюро мутахассислари аралашуви билан 323 та оила яраштирилди. Анжуманда жами ижро ҳужжатларининг 34,4 фоизини жиноий ва маъмурий жарималар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари ташкил этганлиги айтиб ўтилди. Жумладан, мазкур тоифадаги 23 минг 34 та ижро ҳужжатлари бўйича 9,9 миллиард сўм миқдордаги маъмурий, 752,9 миллион сўм миқдорида жиноий жарималар ундирилганлиги таъкидланди.
Шунингдек, уч ой давомида кўриб чиқилган жами 3 минг 933 та мурожаатнинг 3 минг 199 таси қаноатлантирилди. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича олиб борилган ишлар самараси ўлароқ, 1 минг 230 нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Мурожаатларнинг ижобий ҳал қилиниши натижасида жисмоний ва юридик шахслар фойдасига жами 435 миллион сўм маблағ ундириб берилди.
Суд қарорлари асосида қонунга хилоф равишда ишдан бўшатилган 18 нафар фуқаро ишга тикланди. Уларга тўланмаган 829 миллион сўмлик иш ҳақлари ундириб берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 октябрдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан, ўтган уч ой мобайнида давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича ундирилган маблағларнинг 50 фоизи, яъни 41 миллиард сўм маблағ “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилди.
Анжуманда оммавий ахборот воситалари вакиллари МИБ фаолияти билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА