Ота-оналар фарзандларини боқиш ва тарбиялашга масъулдирлар. Аммо айримлар оила бузилса, фарзанди олдидаги масъулиятни унутиб қўяди.
– Судланувчи И.Т. турмуш ўртоғи билан ажрашгач фарзандининг тақдирига масъулиятсизлик билан қараган, – дейди Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьяси Зоҳиддин Нуриддинов. – Шу боис фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан ундан бир нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг тўртдан бир қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган. Аммо у суднинг қарорига масъулиятсизлик билан қараб, фарзандини моддий жиҳатдан таъминлашдан бош тортган.
Шунинг учун у Жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани судининг қарори билан маъмурий жазога тортилди. Бироқ, қонуний талабларни бажармагани учун унинг алиментдан қарздорлиги кўпайиб борган. Шу боис унинг собиқ турмуш ўртоғи алиментдан қарздорликни ундириш ва И.Т.га нисбатан тегишли жазо қўллашни сўраб, судга мурожаат қилди.
Суд судланувчи И.Т.ни Жиноят кодексининг 122-моддаси (вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсларни моддий таъминлашдан бўйин товлаш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топди ва 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 15 миллион 996 минг 251 сўм алимент пули ундириш белгиланди.
ЎзА