Мамлакатимиз судларида қанча иш кўрилди? Қандай жиноятлар кўпайган? Қуйи судларнинг қанча қарори бекор қилинди? Нечта шахс оқланди? Тергов органлари томонидан қўйилган айбловларнинг ҳаммаси ҳам асослими?
Саволларимизга Олий суд жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Абидов жавоб берди:
– 2022 йилнинг биринчи ярмида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 38 минг 77 нафар шахсга нисбатан 29 минг 783 жиноят иши кўриб чиқилди. 468 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди.
Судланган шахслар сони 28 минг 736 нафарни ташкил этди. Шундан 8 минг 929 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 19 мингдан зиёдига бошқа турдаги жазолар тайинланди. 737 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Судланган шахсларнинг 25 минг 564 нафари эркак, 5 минг 945 нафари аёл, 11 минг 695 нафари ёшлар (шу жумладан, 971 нафари вояга етмаган) ва 854 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.
4 минг 263 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинди.
12 минг 184 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 4 минг 595 нафарига тайинланган жазо енгили билан алмаштирилди.
6 минг 707 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
310 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар кўпайган.
Фирибгарлик, ўғрилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш, безорилик ҳам ошган.
Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш кўрсаткичи юқорилигича қолмоқда.
Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш ва талончилик каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари сезиларли даражада ошган.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 7 минг 785 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Етказилган 633 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 4 минг 238 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
11 минг 696 жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 39,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида 7 минг 233 нафар шахсга нисбатан 5 минг 320 та жиноят ишли кўриб чиқилди.
526 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 минг 165 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида 3 минг 441 нафар шахсга нисбатан 3 минг 172 жиноят иши кўриб чиқилди. 553 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 275 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Шунингдек, кассация инстанциясида 119 нафар шахсга нисбатан 105 та жиноят ишлари такроран кўриб чиқилди. 69 нафар шахсга нисбатан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 42 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА