French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд орқали тасдиқланди
20:01 / 2026-02-28

Янгиер шаҳар адлия бўлимига фуқаро М.Б. томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узоқ муддат яшаганлик фактини белгилашда амалий ёрдам сўраб мурожаат келиб тушди.

Мурожаат белгиланган тартибда қабул қилиб, қонунчилик талаблари асосида атрофлича ўрганилди.

Ўрганишлар давомида фуқаро М.Б. Тожикистон Республикасида туғилгани, миллати ўзбек экани ҳамда 1997 йилда Ўзбекистон Республикасига кўчиб келгани аниқланди. Шу вақтдан буён у Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида доимий равишда истиқомат қилиб келаётгани маълум бўлди.

– Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тақдим этилган далолатномаларда фуқаронинг кўп йиллардан буён маҳалла ҳудудида яшаётгани, “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилгани, шунингдек, хўжалик китобларида тегишли тарзда қайд этилгани кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, ички ишлар органлари томонидан унга доимий яшашга рухсатнома бериш юзасидан тегишли хулоса расмийлаштирилгани ҳам тасдиқланди, – дейди Янгиер шаҳар адлия бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Жавоҳир Комилов.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ўзини Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тўғрисида мурожаат қилган шахс ариза топширган кунга қадар мамлакат ҳудудида камида ўн беш йил доимий яшаган ва ушбу давр мобайнида бошқа давлат фуқаролигида бўлмаган бўлса, у Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади.

– Фуқаролик масалаларини ҳал этиш жараёнида айрим ҳолатларда шахснинг мамлакат ҳудудида доимий яшаганлик фактини суд тартибида аниқлаш талаб этилади. Шу муносабат билан тўпланган ҳужжатлар ва далиллар асосида Янгиер шаҳар адлия бўлими томонидан фуқаролик ишлари бўйича Гулистон туманлараро судига даъво аризаси киритилди, – деди Жавоҳир Комилов.

Суд ишни ҳар томонлама, холис ва қонуний асосда кўриб чиқди. Тақдим этилган далиллар, расмий маълумотлар ва гувоҳлик кўрсатмалари ўрганилиб, фуқаро М.Б.нинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаганлик факти суд қарори билан тасдиқланди ҳамда унга Ўзбекистон Республикаси фуқораси эканлиги тўғрисидаги муҳим хужжат тақдим этилди.

Ғулом Примов, ЎзА