Кейинги йилларда судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар фуқароларга ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда. Натижада ариза йўллаш, ишда масофадан иштирок этиш, суд ҳужжатларини олиш ва ишларнинг кўрилиши ҳақида маълумот олиш каби суд томонидан кўрсатиладиган барча хизматлар Олий суднинг интерактив хизматлар портали орқали электрон шаклда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, бугунги кунда видеоконференцалоқа режимида ўтказиладиган суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш орқали процессуал қонунчиликни такомиллаштириш зарурати мавжуд.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган аҳолига суд муҳокамаларида масофадан иштирок этиш учун янада қулай шароитлар яратишга қаратилган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Иқтисодий процессуал ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига аҳолига суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда, — деди Олий суд раиси ўринбосари Олим Исмоилов. — Яъни, қонун лойиҳаси билан суд мажлисларида суд биносига келмасдан масофадан туриб мобиль видеоконференцалоқа режимида иштирок этишнинг процессуал асоси ва тартиби белгиланмоқда.
Маълумотларга кўра, фуқаролар 2022-2023 йиллар давомида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда 150 мингдан ортиқ суд мажлисларида иштирок этган ва бу суд мажлисларида қулайликлар яратган.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолининг суд мажлисларида қатнашиш учун суд биноларига келишлари билан боғлиқ оворагарчиликларининг олдини олиш, одил судловга эришиш даражасини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар бугунги кунда ахборот технологиялари ривожланиб бораётгани, шу маънода қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган масалалар муҳим эканлигини таъкидлаб, бир қатор аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташладилар. Қизғин муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА