French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд ишлари судьялар ўртасида автоматик тақсимланади
20:21 / 2020-02-06

Муҳокамалар чоғида судьялар томонидан мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар берилди.


Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 20 январдаги биринчи йиғилишида Президентимиз қонунчилик ижросига алоҳида эътибор қаратиб, “Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак”, деган эди.

Давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йиғилишда белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, қўмита аъзолари Президентимизнинг 2019 йил 20 ноябрдаги “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Судлар тўғрисида”ги қонунга суд раислари ваколатидан ишларни тақсимлаш билан боғлиқ нормани чиқариб, ишларни судьяларга автоматик равишда тақсимланишини белгиловчи ўзгартиришларни киритиш бўйича белгиланган вазифа юзасидан Тошкент вилоятининг Зангиота ва Янгийўл тумани судлари фаолиятини ўрганди.

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари мазкур судлардаги ўрганиш ва танишув жараёнида шунингдек, Президентимизнинг 2017 йил 30 августдаги “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, суд мажлисларига видеоконференцалоқа тизими, аудио ва видео қайд этилиши билан боғлиқ воситаларнинг жорий этилганлик ҳолати ўрганилиб, муҳокама қилинди.

– Қўмитамизда Олий суд томонидан ташаббус ҳуқуқи асосида киритилган судьялар ўртасидаги ишларни автоматик равишда тақсимланишини, ахборот технологиялари қўллашни янада такомиллаштиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси мавжуд, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Полвонов. – Бевосита туман судларига ташрифдан кўзланган асосий мақсад – тизим фаолиятини жойида кўриш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражасини ўрганиш, бу борада ишга солинмаган имкониятларни аниқлаш ва улар асосида қонунчиликни янада такомиллаштиришдан иборат. Бу ерда судьялар билан учрашиб, тизимнинг ишлаш жараёни, жумладан, маълумотларнинг йиғилиши, киритилиши, ишларнинг автоматик тарзда тақсимланиш жараёни билан танишиб, амалиётчилар билан муҳокамалар ўтказдик. Ўрганишларимиз мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш имконини бермоқда.

Маълумки, 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Жиноят ва Фуқаролик ишлари бўйича ҳамда Маъмурий ва Иқтисодий судларда ишларни автоматик тарзда тақсимлаш тартиби амалга киритилган бўлиб, айни пайтда судларга келиб тушаётган даъво аризалари автоматик тарзда ишларни тақсимлаш модули дастурий таъминоти орқали судьялар ўртасида тақсимланмоқда.

Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаси 2 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи 6 та моддани ўз ичига олиб, унга мувофиқ, “Судлар тўғрисида”ги қонундан суд раисларининг ишларини судьялар ўртасида тақсимлаш ваколати белгиланган нормани чиқариб ташлаган ҳолда, ишларни автоматик тарзда тақсимлаш тартибини амалиётга тўлиқ жорий этишни қонуннинг алоҳида моддасида белгилаш нормасини киритиш таклиф этилмоқда.

Муҳокамалар чоғида судьялар томонидан мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар берилди.