Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар суд ҳокимияти мустақиллигини, очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди.
Шу билан бирга, «Янги Ўзбекистон – янги суд» тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштириш, соҳага халқаро илғор стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.
Бу борада сўнгги 6 йил ичида 60 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар янгиланди.
Суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар бир жойда тўхтаб қолгани йўқ, албатта. Бунинг давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда «Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари қабул қилинди. Унга кўра, 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ишлаб чиқилгани айни муддао бўлди.
Бунда асосий мақсад қилиб «Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтиришдир. Шунингдек, халқнинг, жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришга эришиш эътиборга олинган. Бу борада судларда тарафлар учун барча шароитлар яратилади. Судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштиришга эътибор қаратилади.
Дарҳақиқат, суд тарафлар ўртасидаги низоларни холис ва адолатли ҳал этиши керак. Амалиётда шу нарса учраяптики, айрим ҳолатларда судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш кўзга ташланади. Фармонда бу бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатиляпти. Чунки судья ишни кўриш жараёнида мутлақо мустақил, бехавотир бўлиши керак.
Фармонга кўра, ишларни кўриш босқичларида ҳам бир мунча ўзгаришлар кўзда тутиляпти. Яъни, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ва кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, бу кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, ушбу кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилади. Шунингдек, эндиликда юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартиби бекор қилинади.
Фармонга биноан суд тизими олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти, Ахборот-коммуникация мониторинги – Вазиятлар маркази, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси негизида Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази ташкил этиляпти. Бу ҳам бугунги жадал ислоҳотлар даврида муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишнинг устувор йўналишлари ва унда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар аниқ белгиланган экан, судьялар ўз вазифаларини сидқидилдан, ҳалол ва виждонан бажариши талаб этилади.
Асқар Мамараҳимов,
Жиноят ишлари бўйича Пастдарғом тумани суди раиси