Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд-ҳуқуқ тизимида инсон қадри ва ҳуқуқлари таъминланишининг янги босқичи
17:00 / 2025-12-09

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва суд-ҳуқуқ соҳасида изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, инсон қадри ва унинг ҳуқуқлари кафолатлари янги босқичга кўтарилди. Хусусан, “иймон ҳуқуқи, виждон ҳуқуқи, адолат ҳуқуқи” каби асосий ҳуқуқларни амалда таъминлаш бўйича муҳим натижаларга эришилмоқда. Шунингдек, оқлов ҳукмлари сони ошгани, нотўғри айбловлар бекор қилиниши, қайта тиклаш (реабилитация) институтининг фаол қўлланилаётгани, виждон эркинлиги ва меҳнат ҳуқуқларининг тикланиши инсонпарвар ислоҳотларнинг амалий ифодасига айланди.

Маълумки, “иймон ҳуқуқи, виждон ҳуқуқи, адолат ҳуқуқи” – давлат томонидан қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган, эркинлик, тенглик ва адолатни ифодаловчи қонуний кафолатлардир. Суд ҳокимияти эса давлатнинг адолатга хизмат қиладиган, мазкур ҳуқуқларни таъминлашга қаратилган энг муҳим функцияларни бажаради.

Амалиётда “мулк олди-сотди шартномасини ҳақиқий эмас деб топиш” билан боғлиқ низоларда кўп ҳолларда даъвогарлар муайян шахсларга ишониб, мулкни улар номига расмийлаштирган бўлса-да, пулини ўз маблағларидан тўлагани аниқланмоқда. Баъзан айрим жавобгарлар ёки уларга яқин шахслар мазкур мулкка қонун ҳужжатларига асосланмаган даъво билан чиқишмоқда, бу эса ўзганинг ҳақига хиёнат сифатида намоён бўлади.

Бундай ҳолатлар аввало, “иймон ҳуқуқи, виждон ҳуқуқи, адолат ҳуқуқи”нинг бузилишига олиб келади. Жамият ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинлиги бошқанинг ҳуқуқ ва эркинлиги бошланган жойда тугаши ҳақида огоҳлантиради. Қонун эса адолатни таъминлаш воситаси сифатида ишлайди.

Процессуал қонунчиликка кўра, ҳар бир тараф ўз талаб ва эътирозларини далиллар билан асослаши шарт. Суд ишни кўриб чиқар экан, барча далилларни бевосита, ҳар томонлама ва холис текширади. Аниқ далил билан тасдиқланиши лозим бўлган ҳолатлар бошқа усул билан тасдиқланиши мумкин эмас.

Адолат – ҳар кимнинг шахсий тасаввуридан келиб чиқадиган тушунча эмас. У жамиятда тартиб, мувозанат ва ишончни мустаҳкамлайдиган, иймон ва виждонни озиқлантирадиган юксак маънавий меъёрдир. Агар адолатга муносабат турлича бўлса, мақсаддан чалғиш, ишонч сусайиши, пировардида эса виждон ҳуқуқининг бузилишига олиб келади.

Шу боис, “иймон ҳуқуқи, виждон ҳуқуқи” доим қонун устуворлиги, ҳаққоний адолат ва одил судлов билан ҳимояланиши, кучли билим, юксак маънавият билан мустаҳкамланиб бориши зарур.

Процессуал нормаларда суд ҳар бир ишга барча ҳолатларни жамлаб, қонун талабларига амал қилган ҳолда, ҳар тарафлама, тўлиқ ва холис баҳо бериши, бунда ўз ички ишончига таянишини белгилаб қўйган.

Шу маънода, ички ишонч асосида хулоса чиқарадиган судья “иймон ҳуқуқи, виждон ҳуқуқи, адолат ҳуқуқи”нинг муҳим ҳимоячиси бўлиши, бу ҳуқуқларни доимий равишда маънавий ва касбий жиҳатдан ривожлантириб бориши шарт.

Нуриддин Муродов,

судья, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси.