Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд-ҳуқуқ тизими: ислоҳотларнинг барчаси аҳоли учун
17:36 / 2023-05-03

Ҳаёт гўзал ва нақадар ширин. Унинг қадрига етиш, соғ-омонлигинг учун шукрона айтиб, ҳалол меҳнат қилиш, оиланг, фарзандларинг бағрида бўлиш, уларнинг ўсиб-улғайишини, камолини кўриш - бу ҳақиқий бахт эмасми, аслида?!

Ҳа, бахт ҳар кимнинг наздида ҳар хил. Аммо уни ҳис қилиш ва ана шу бахтни асраб-авайлаш учун жуда катта куч керак эмас, журъат ва ирода бўлса бас. Мелибойнинг (исмлар ўзгартилган) 3 нафар қизи бор. “Қиз фарзанд отани жаннатга олиб киради” дейишади. Лекин у ана шу гулдек, мурғак қалб эгаларининг кўнглини ўкситиб, оиласидан ажрашди. Энди уч қизи билан ёлғиз қолган она собиқ эридан алимент ундириш учун судга мурожаат қилди.  

Мелибойнинг хаёлига “қизларим нима қиляпти, нима ичиб-еябти, қандай кун кўряпти?” деган саволлар сира ҳам келмасди. Аммо вақт тўхтаб турмайди, унинг фарзандларининг моддий таъминоти учун тўламаган алиментдан қарздорлиги ҳам вақт ўтган сари ошиб бораверди. Оқибатда, Мелибой 26 миллион 378 минг сўм алимент пулини тўлашга мажбур. Унинг шунча пули йўқлиги боис, Жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман судининг 2022 йил 23 августдаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан иш ҳақининг 10 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаш йўли билан 1 йил 6 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган эди ва 1984 йилда туғилган Мелибой Тахиатош тумани ички ишлар бўлимига шу куни ҳисобга қўйилиб, ижрога қаратилган.  

Шундан сўнг, Мелибойнинг яшаш манзилида йўқлиги сабабли қидирилиб, суриштирув ишлари натижасида 2022 йил 22 ноябрь куни топилиб, шу куни унга жазони ўташ тартиб ва қоидалари тушунтирилиб, ёзма равишда таништирилиб, расмий огоҳлантирилди. Уни ишга жойлаштириш мақсадида шу куни пробация гуруҳи томонидан Тахиатош тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига йўлланма хат берилган.  

Йўлланма хат бўйича Тахиатош тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ходимлари томонидан 2022 йил 22 декабрь куни унга “ENTER ENGINEERING” МЧЖда ишчи вазифасига ойлик маоши 2 миллион 500 минг сўм бўлган иш таклиф қилиниб, маҳкум мазкур жамиятда ишлаш истагини билдирган.  

Лекин Мелибой унга таклиф этилган иш жойига мурожаат қилмасдан, жазони ўташдан бўйин товлаб келган.  

Судда Тахиатош тумани Пробация гуруҳи ходими И.Жаббарбергенов Мелибойга тайинланган суд ҳукми 23.09.2022 йилда пробация гуруҳига ижрога келиб тушганлигини, унга 2022 йил 22 ноябрь куни жазони ўташ тартиб ва қоидалари тушунтирилиб, расмий огоҳлантирилиб, шу куни туман бандлик бўлимига йўлланма берилганлигини, Мелибой бандлик бўлими ходимлари томонидан таклиф этилган “ENTER ENGINEERING” МЧЖда ишлаш истагини билдирганлигини, лекин у  2023 йил март ойига қадар жамиятга мурожаат этмасдан, жазони ўташдан бўйин товлаб, яшириниб келаётганлигини айтиб, жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштиришни сўради.  

Судда Тахиатош туман прокурорининг иш ўрганувчи катта ёрдамчиси С.Таубаев Тахиатош тумани ИИБ бошлиғининг тақдимномасини қаноатлантиришни сўради. Иш ҳужжатларидан кўринишича, 2023 йил 6 апрель куни Мелибойга аҳлоқ тузатиш ишлари жазосини Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 46-моддаси 4-қисмига асосан бошқа жазога алмаштириш масаласи кўрилиши ҳақида 2023 йил 6 апрель куни соат 15:00 га жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман суди биносига келиши тўғрисида телеграмма юборилган. Лекин у 2023 йил 6 апрель куни судга ҳеч қандай сабабларсиз келмади ва почта алоқа бўлимининг унинг яшаш манзилида йўқлиги ҳақида маълумотнома келиб тушди.  

Маҳкум суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг бир кунини ҳам ўтамаган, ўталмаган муддати 1 йил 6 ойни ташкил қилади.  

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 46-моддаси 4-қисмида “Агар шахс суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари муддатининг жами бўлиб ўндан бир қисмидан кўпроғини ўташдан бўйин товласа, суд ахлоқ тузатиш ишларининг ўталмаган муддатини худди шу муддатга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштиради. Жазони ўташдан бўйин товлаган вақт жазонинг ўталган муддатига қўшиб ҳисобланмайди”, деб кўрсатилган.  

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 542-моддаси 3-қисмида "Жарима жазосига, аҳлоқ тузатиш ишларига ёки озодликни чеклашга ҳукм қилинган шахс жарима жазосини, ахлоқ тузатиш ишларини ва озодликни чеклашни жазонинг бошқа турлари билан алмаштириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши учун судга узрсиз сабабларга кўра келмаган тақдирда, жазони ижро этувчи органининг тақдимномаси маҳкум йўқлигида кўриб чиқилиши мумкин. Жарима, мажбурий жамоат ишлари ёки ахлоқ тузатиш ишлари озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан, шунингдек, озодликни чеклаш озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштирилган тақдирда, суд маҳкумга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва қидирув эълон қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиши керак", деб кўрсатилган.  

Суд пробация гуруҳи ходими ва прокурорнинг фикрини тинглаб, ажрим қилди. Унга кўра, Мелибойга нисбатан жиноят ишлари бўйича Тахиатош туман судининг 2022 йил 23-август кунги ҳукми билан тайинланган 1 йил 6 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 46-моддаси 4-қисмига асосан шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилинди.  

Арман Қошанов,

Жиноят ишлари бўйича

Тахиатош туман суди раиси,

ЎзА