Нукусдаги Инновацион технологиялар университетида талабалар иштирокида суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, коррупцияга қарши курашиш чоралари ва судларда жорий этилган интерактив хизматлар ҳақида маълумот бериш мақсадида учрашув ташкил этилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Нукус туманлараро маъмурий судлари судьялари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда судьялар мамлакатимизда коррупцияга қарши амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва қонунчилик асослари мустаҳкамлангани, давлат бошқарувида шаффофлик, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва давлат харидларини рақамлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани таъкидланди.

Суд тизимида ҳам “Рақамли суд” тамойили жорий қилиниб, ишлар электрон шаклда юритилади. Суд ишлари автоматик тарзда тақсимлаш тизими орқали холисона кўриб чиқилади, келгусида сунъий интеллект имкониятлари ҳам қўлланилади. Шунингдек, my.sud.uz портали орқали фуқаролар ва тадбиркорлар шикоят аризалари ва уларни онлайн юбориши, тўловларни амалга ошириши ҳамда видеоконференцалоқа орқали масофадан иштирок этиш имконияти яратилган.
Учрашувда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоб олишлари орқали суд тизимидаги янгиликлар, электрон хизматлар ва коррупцияга қарши механизмлар бўйича ўзлари учун муҳим ва амалий кўникмаларга эга бўлди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.