French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд-ҳуқуқ: сарҳисоб ва режалар
15:01 / 2021-10-04

Жиззах вилоят адлия бошқармаси, вилоят судлари ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялари вилоят бошқармаси ҳамкорлигида Президентимизнинг “Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Судга мурожаат қилиш учун янада қулай шароитлар яратилиши ва фуқаролик процессига соддалаштирилган иш юритиш тартиби жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда жиноятларни жиловлаш, жиноятчилик профилактикасини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижроси доирасида судлар фаолиятининг очиқлиги, ошкоралиги ва шаффофлигини ошириш, судлар фаолияти билан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мавзусига ҳам алоҳида урғу берилди.  

Тадбирда юқоридаги фармон ва қонуннинг мазмун-моҳияти хусусида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.  

Мамлакатимизда сўнгги тўрт ярим йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасида дунё ҳамжамияти тан олаётган қатор ислоҳотлар амалга оширилганлиги, айниқса, судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ва мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этишга қаратилган кўплаб норматив ҳужжатлар қабул қилинганлиги қайд этилди.

[gallery-4148]

– Жорий йил 8 ойини сарҳисоб қилар эканмиз, бунда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Республикаси суд тизимида туб бурилиш ясалиб, янги босқичга кўтарилганлиги, бу билан фуқаролар ва юридик шахсларнинг одил судловга эришишда кенг имкониятлар яратилганлигини кўриш мумкин, – дейди Жиззах вилоят суди раисининг ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Шукуров. – Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг назорат инстанцияси тугатилиб, ишларни кассация тартибида кўриш ваколати ўтказилиши билан бирга, ҳар бир кассация шикояти судлов ҳайъати томонидан суд мажлисида кўрилиб, қарор қабул қилиниши тартиби жорий этилган.

Судлар фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш орқали соҳанинг очиқлиги, шаффофлиги, тезкорлигини таъминлаш мақсадида Олий суднинг интерактив хизматлар портали “mysud.uz” сайти жорий қилинган. Ушбу порталда фуқаролар ва тадбиркорлар бевосита суд биносига келмасдан, масофдан туриб, онлайн тарзда бир қатор хизматлардан фойдаланиши мумкин.

Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларнинг бошқа низолардан фарқини тушуниш – фуқаролик ишлари бўйича судлар ҳақида жамиятда фикр шаклланишида катта аҳамият касб этади. Фуқаролик ишларини кўришнинг алоҳида жиҳати суд процессида ўзини ҳақман, деб ҳисобловчи икки тараф иштирок этиб, улар кўп ҳолларда низога қонунийлик нуқтаи назаридан эмас, балки ҳиссиёт билан ёндашади.

Лекин бундай ҳуқуқий низоларда қарорлар кимнингдир зарарига, кимнингдир эса фойдасига чиқади, бу табиий ҳолат, чунки қарорни ҳар иккала тарафнинг фойдасига чиқаришнинг имконияти йўқ.

Анжуманда вилоят судининг жиноят ишлари судлов ҳайъати раиси Р.Орзиқулов, вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Ж.Қаҳҳоров ҳамда вилоят маъмурий суди судьяси Ш.Болиев ҳам суд тизимидаги амалга оширилган ислоҳотларга атрофлича тўхталиб, янгиликлар ҳақида маълумотлар берди.

 

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА