Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд ҳукмларининг адолатлилигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамлар
10:23 / 2026-02-24

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида одил судловни амалга оширишда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳар суди судьяси Қаҳрамон Мирсафоев шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар аҳамияти ҳақида фикр  билдирди:  

– “Рақамли суд” концепциясининг жорий этилиши суд иш юритувида шаффофликни ошириш, процессуал муддатларни қисқартириш ва инсон омили билан боғлиқ субъектив хатоларни камайтиришга хизмат қилади.  

Айниқса, тергов жараёнининг рақамлаштирилиши жиноят ишини қўзғатишдан тортиб судга қадар бўлган босқичларда инсон ҳуқуқларининг таъминланишини кучайтиради. Бу халқаро ҳуқуқий стандартларга ҳам мос келади.  

Сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши натижасида тергов ва суд фаолиятида қарор қабул қилишнинг адолатлилиги ва холислиги мустаҳкамланади.

Тергов судьялари институтининг янада кенгайтирилиши, уларга санкция ва мажбурлов чораларини ўзгартириш ҳамда бекор қилиш ваколатларининг берилиши “Хабеас корпус” институтини янги мазмун билан бойитади. Бу шахс эркинлиги дахлсизлигини кафолатлаш, ноқонуний ушлаб туриш ва асоссиз процессуал чекловларнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий механизм ҳисобланади.

Шу билан бирга, одил судловни амалга оширишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, хусусан, “халқ вакиллари ҳайъати” институтининг босқичма-босқич жорий этилиши суд ҳокимияти фаолиятининг очиқлиги ва жамият ишончини оширишга хизмат қилади. Оғир ва ижтимоий резонансли жиноят ишларининг жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилиши суд ҳукмларининг адолатлилигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадамдир.

Суд-ҳуқуқ тизими билан узвий боғлиқ бўлган жиноятчиликка қарши курашиш, хусусан, гиёҳвандлик, уюшган жиноий гуруҳлар ва молиявий жиноятлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Гиёҳвандлик жиноятларининг кўпайиши, ёшларнинг бу жараёнга жалб этилаётгани миллат генофонди ва жамият барқарорлигига жиддий таҳдид, албатта. Шу муносабат билан наркожиноятларга қарши курашни бугунги кунда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтариш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан бир қаторда бутун жамиятни сафарбар этиш бўйича иш олиб борилмоқда. Бунда, профилактика, маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш ва ҳуқуқий онгни ошириш суд-ҳуқуқ сиёсатининг муҳим таркибий қисми сифатида намоён бўлмоқда.  

Коррупцияга қарши курашиш – суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг ажралмас қисмига айланмоқда. 2026 йилда бу борада “фавқулодда ҳолат” эълон қилингани қатъий сиёсий ироданинг ифодаси бўлди.  

Давлат органларида комплаенс тизимининг жорий этилиши, бюджет маблағлари устидан шахсий жавобгарликнинг кучайтирилиши ва қонун олдида барчанинг тенглиги принципи суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.  

Бу чора-тадбирлар коррупцияни тизимли равишда жиловлаш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятига бўлган ишончни мустаҳкамлайди.  

Хулоса қилиб айтганда, рақамлаштириш, жамоатчилик иштироки, инсон ҳуқуқларининг устуворлиги ва коррупцияга муросасиз муносабат тамойилларига таянган ушбу ислоҳотлар адолатли судлов ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Норгул Абдураимова, ЎзА