Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд фахрийси ёшларга ўз тажрибаларидан сўзлаб берди
11:11 / 2025-11-07

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим ислоҳотлар амалга оширилаётган бугунги кунда соҳа фахрийларининг ўрни беқиёсдир.

Уларнинг узоқ йиллар давомида тўплаган бой тажрибаси, ҳаёт ва меҳнат йўлида орттирган билими ёш кадрлар учун ҳақиқий маҳорат мактабидир. Шу боис, суд тизимида кекса авлод ва ёшлар ўртасида изчил мулоқотни йўлга қўйиш, устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш эзгу ва самарали тадбирлардан бирига айланди.

Ўзбекистон судьялари ассосациацияси ва суд органлари ҳамкорлигида ўтказиб келинаётган маърифат соати доирасидаги “Кекса авлод учрашувлари” ана шундай ташаббуслар сирасига киради. Навбатдаги тадбир Қорақалпоғистон Республикаси судида бўлиб ўтди. Унга Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси, кўп йиллик тажрибага эга суд фахрийси Парахат Айтниязов меҳмон сифатида таклиф этилди.

Учрашув давомида меҳнат фахрийси ўзининг ҳаёт йўли, суд тизимида босиб ўтган масъулиятли фаолияти ҳақида атрофлича сўзлаб берди. У ёш судьялар ва ходимларга мурожаат қилиб, одил судловни қарор топтириш — нафақат касбий бурч, балки катта масъулият эканини алоҳида таъкидлади.

Парахат Айтниязов судьянинг асосий фазилати сифатида ҳалоллик, поклик, қатъият, бетарафлик ва инсонпарварликни қайд этди. Айниқса, бугун коррупцияга қарши кураш авж олган бир шароитда ҳар бир ходим ўз фаолиятида манфаатдорлик, таъмагирлик каби иллатларга йўл қўймаслиги шарт эканлигига тўхталиб ўтди.

– Судья одил бўлиши учун авваламбор ўз виждони, ўз қасами, ўз масъулияти олдида тоза бўлиши керак. Суд мустақиллигини таъминлаш ҳам айнан шу покликдан бошланади, — деди суд фахрийси.

Учрашув жараёнида устоз соҳага янги кириб келаётган ёшларга тартиб-интизомли бўлиш, хизмат маданияти ва касбий одоб қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини ҳам уқтирди. Шундан сўнг, ўзининг амалий тажрибасидан келиб чиқиб, оддий вазиятларда ҳам қонун устуворлигини таъминлашда қатъият ва адолатни қўлдан бой бермаслик муҳимлигини мисоллар асосида гапириб берди.

Ёш ходимлар устознинг фикрларини катта қизиқиш билан тинглаб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Довуд Абибуллаев, ЎзА