Янги фармон
Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари босқичма-босқич, изчиллик билан давом этмоқда. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун ҳужжатлари пухта ўйланган, ўз вақтида ва долзарб эканлигини тан олиш керак.
Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Президентимизнинг “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, судьялар ҳамжамияти органларининг ролини тубдан ошириш, суд органларини очиқ ва шаффоф тартиблар асосида малакали кадрлар билан тўлдириш, суд мустақиллиги кафолатларини кучайтириш мақсадида қабул қилинган ушбу ҳужжат тарихий аҳамиятга эга.
Фармонда учта устувор вазифа белгиланган: судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги, очиқликни ошириш, суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш.
Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг олдинги босқичида судьяларни аввал беш йиллик, кейин ўн йил, ундан кейин муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) жорий қилинган эди. Эндиликда судьяларни навбатдаги ўн йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилиниб, судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб беш йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби белгиланди.
Судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланиши ҳам муҳим янгилик бўлди.
Судьялар олий кенгашнинг доимий таркибига Олий суддан икки нафар, вилоят даражасидаги судлардан етти нафар, туманлараро, туман, шаҳар судларидан тўрт нафар судья киритилиши турли даражадаги судлар манфаати ва тажрибаси тенг иштирок этишини таъминлайди.
Фармон билан Кенгаш раисига қўшимча ваколатлар берилди. Агар интизомий иш асоссиз тугатилган ёки жазо нотўғри қўлланган деб топилса, у малака ҳайъати қарорларини қайта кўриб чиқишни талаб қилиши мумкин. Шунингдек, Кенгашнинг тузилмаси ва штат жадвалини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлайди.
Фармонда судьялар ва суд ходимлари кунини белгилаш алоҳида кўрсатилганлиги барча ҳамкасблар томонидан илиқ кутиб олинди.
Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, Одил судлов академиясида хотин-қизлар учун квота белгилаш, Ўзбекистон аёл судьялар ассоциациясини ташкил этиш аёл судьялар кўпайишига катта замин яратади.
Одил судлов академиясига катта меҳнат тажрибасига ҳамда илмий салоҳиятга эга судьялар профессор-ўқитувчи лавозимига тайинланиши мумкин. Бунда судья Академиядаги педагогик фаолияти тугагандан сўнг унинг муқаддам ишлаган судьялик лавозимида ишни давом эттириши ёки аввалгисига тенг бошқа судьялик лавозимига ўтказилиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон судьялар ҳамжамияти фаолиятининг самарадорлиги, очиқлиги ва суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтиришга, пировардида одил судловни амалга ошириш орқали халқни рози қилишга хизмат қилади.
Олим ҲАЙИТОВ,
Самарқанд вилоят суди раиси.
ЎзА