Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суд экспертизаси юзасидан семинар ўтказилди
10:47 / 2025-10-21

Қорақалпоғистон Республикаси судида Х.Сулайманова номидаги Республика суд экспертиза маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг экспертлари иштирокида семинар ташкил этилди.

Семинарнинг асосий мақсади суд амалиётида экспертиза фаолиятининг аҳамиятини ошириш, суд ходимларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, соҳадаги янгиликлар билан таништиришдан иборат бўлди.

Семинар давомида иштирокчиларга суд лингвистикаси соҳаси ҳақида батафсил маълумот берилди. Экспертлар бу йўналишнинг мазмун-моҳияти, унинг тадқиқот объектлари ҳамда сўз ва матн таҳлили орқали суд жараёнларида далилларнинг ишончлилигини аниқлашдаги аҳамияти ҳақида тушунча бердилар. Суд лингвистикаси орқали турли хатлар, баёнотлар ёки электрон ёзишмалардаги маънони аниқ талқин қилиш имконияти ошиши таъкидланди.  

Шунингдек, тадбирда суд ҳужжатларини интеграция тизими орқали жўнатиш тартиби, унинг афзалликлари ва электрон ҳамкорликнинг самараси ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Бу тизим суд қарорларини тезкор, аниқ ва хавфсиз тарзда етказишни таъминлаб, суд фаолиятини янада шаффоф ва самарали қилиши қайд этилди.

Экспертлар суд-ер экспертизаси тушунчаси, унинг қўлланиш соҳалари ва амалий аҳамияти ҳақида маълумот бердилар. Шу билан бирга, экспертиза харажатларини ҳисоблаш тартиби, уларни суд ишлари юритувида тўғри қўллаш механизмлари юзасидан ҳам атрофлича тушунтиришлар берилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 августда қабул қилинган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармони мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизимида рақамлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш, ахборот технологияларини жорий этиш орқали тизим самарадорлигини ошириш вазифалари белгилаб берилган. Экспертлар мазкур фармон суд ишларини юритишда замонавий ахборот ечимларини жорий этишда янги босқични бошлаб берганини таъкидладилар.

Тадбир якунида семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Судьялар ва суд ходимлари экспертизаларни тайинлаш, уларнинг натижаларини баҳолаш ҳамда замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш борасида экспертлардан аниқ ва илмий асосланган жавоблар олишди.

Семинар суд тизими ходимларининг билим ва малакасини ошириш, суд экспертизаси соҳасидаги янгиликлар билан таништириш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини амалиётга кенг жорий этиш йўлида муҳим аҳамият касб этди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири