Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Субсидия турларининг айримларидан самарали фойдаланилмаяпти
11:36 / 2023-11-29

Касб-корли, ишли ва доимий даромадли инсонларнинг ҳаёти тўкис, оиласи тинч ва фаровон, ўзи эса хотиржам бўлади. Мамлакат аҳолисининг ана шундай ҳаёт кечириши эса давлатнинг иқтисодий барқарорлиги ҳамда осойишталигини таъминлайди. Шу боис ҳам юртимизда аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш, эҳтиёжманд аҳолини меҳнат фаолиятига жалб қилишда қулай шарт-шароитлар яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қайд этиш лозимки, бандлик соҳасидаги давлат сиёсатини янада такомиллаштириш, аҳолининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш ҳамда бандлик кўрсаткичларининг ижро этилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жойларда мунтазам назорат-таҳлил тадбирлари ўтказиб келинади. Мазкур ўрганишларда ижобий натижалар билан бирга бир қатор камчиликлар мавжудлиги ҳам аёнлашмоқда.  

Масалан, вилоят ҳокимликлари ҳамда республика ташкилотларининг ҳудудий инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига яратилган янги иш ўринлари тўғрисидаги кўрсаткичлари ўртасида номувофиқликлар бор. Аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш, иш берувчиларни молиявий рағбатлантириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратиладиган 30 дан ортиқ субсидия турларининг айримларидан самарали фойдаланилмаяпти. Жумладан, Самарқанд вилоятида иш ўринларини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш, касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш, қишлоқ хўжалиги кооперативлари устав фондига улуш сифатида киритиш ҳамда томорқа ер майдонларига енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, суғориш воситаларини харид қилиш учун тадбиркорларга ажратиладиган субсидия турларидан етарлича фойдаланилмаган.  

Бундан ташқари, жойларда инвестиция лойиҳалари доирасида иш ўринлари яратиш ҳолати ҳам талаб даражасида эмас. Мисол учун, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 2023 йилнинг август ойи ҳолатига ҳудудий инвестиция лойиҳалари манзилли рўйхатига киритилган 76 та лойиҳанинг 32 таси ишга туширилган. Қолаверса, айрим мономарказлар ва уларнинг филиаллари, касб-ҳунар марказлари, маҳаллалардаги касб-ҳунарга ўқитиш масканларида яратилган шароитлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти.  

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш борасидаги ишлар самарадорлиги ҳамда 2023 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларининг бажарилиши юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш ҳақида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Мусаевга парламент сўрови юборилди.  

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА