Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Субсидия ажратиш тўғрисидаги мурожаатлар ўрганилди
16:33 / 2022-11-10

Юртимизда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидиялар ажратиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, бу борада Президентимизнинг 2021 йил 3 мартдаги “Чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2021 йил 14 июндаги “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 12 июлда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш Инспекцияси Навоий вилояти бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан эса жойларда мазкур ҳужжатлар мазмун-моҳияти юзасидан профилактика тадбирлари ўтказилиб, тадбиркорларнинг субсидия ажратиш тўғрисидаги мурожаатлари ўрганилмоқда.

Кармана туманида фаолият олиб бораётган “Шердор Зарафшон” масъулияти чекланган жамияти паррандачиликка ихтисослашган бўлиб, ҳозирда бу ерда 20 мингдан ортиқ броллер жўжалари парвариш қилинмоқда. МЧЖ раҳбарининг субсидия ажратиш тўғрисидаги электрон мурожаатига асосан “Ўзагроинспекция” туман бўлими ҳамда тегишли ташкилотлар ходимларидан иборат туман комиссияси иштирокида МЧЖда ўрганиш ўтказилди. Шунингдек, тумандаги чорвачиликка ихтисослашган “Истиқбол” фермер хўжалигида ҳам ишчи гуруҳ томонидан субсидия ажратиш тўғрисидаги мурожаат юзасидан ўрганиш олиб борилди. Айни пайтда фермер хўжалигида 160 бош гольштен ва қора-ола зотли наслли моллар парвариш қилиб келинади.

Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, ҳар иккала хўжаликка ҳам Вазирлар Маҳкамасининг “Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан субсидия ажратиладиган бўлди.

– Қарор кўра, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган субсидия олувчиларга республика бюджетидан тегишли тартибда субсидия ажратилади, – дейди “Ўзагроинспекция” Навоий вилояти бошқармаси матбуот хизмати раҳбари З.Бобоева. – Жумладан, паррандачилик хўжаликларига - ўз хўжаликларида етиштирилиб, сотилган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 2022 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар 2 минг 500 сўм (бунда субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинча озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади), 2024 йил 1 январдан 1 000 сўмдан субсидия маблағи ажратилади. Чорвачилик хўжаликларига эса ўз хўжаликларида ва аҳоли хонадонлари билан биргаликда кооперация усулида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2022 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 31 декабрга қадар 4 000 сўм ҳамда сутнинг ҳар бир литри учун 400 сўм қилиб белгиланган. Бунда субсидия қўшилган қиймат солиғидан вақтинча озод қилиш бўйича имтиёз амалда бўлган давр учун ҳам тўланади.

Ўрганишлар давомида тадбиркор ва фермер хўжалик раҳбарларига Инспекция туман бўлими томонидан қарор мазмун-моҳияти кенг тушунтирилиб, оғзаки ва ёзма кўрсатмалар берилди.

А.Бўриев, ЎзА