“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсад-вазифалар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш мақсадида тадбир ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши томонидан Олмазор туманидаги “Чўлпон” кутубхонасида ўтказилган тадбир ҳам айни мақсадга қаратилди.
Хусусан, “Соғлом оила — соғлом жамият” мавзусида ташкил этилган давра суҳбатида оилаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.

— “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, оилаларни мустаҳкамлаш, нотинч оилалардаги муҳитни соғломлаштириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини янада такомиллаштириш борасидаги ишларни янада ривожлантириш олдимизда турган муҳим вазифалардан, — деди Қонунчилик палатаси депутати М.Ҳасанова. — Юртимизда оила институтини янада ривожлантириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, хотин-қизлар фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, бу борада қонунчиликда ҳам қатор янгиликлар қилиняпти. Жумладан, 2023 йил 31 октябрда Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун оилани, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда оила қуришда кузатилаётган иллатларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Давра суҳбатида эрта турмуш ва қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳ, оилавий ажримлар сабаблари ва уларнинг олдини олиш бўйича маълумотлар берилди. Кўп йиллик ҳаётий тажрибага эга нуроний отахон ва онахонлар ёшларга оилавий ҳаёт, оилани муқаддас санаш, оиладаги ўзаро муносабатлар, фарзанд тарбияси ҳақида маслаҳатлар берди. Ўзларининг ҳаёт йўллари ва тажрибалари билан ўртоқлашди.
М.Комилова, ЎзА