Шарҳ
Шу кунларда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган, янгиланаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасида 451 та мақсадли кўрсаткич остида барча соҳаларга оид муҳим вазифа ва мақсадлар ўз аксини топмоқда.
Хусусан, бугунги замон талабидан келиб чиқиб, рақамлаштириш масалаларига ҳам алоҳида устуворлик берилмоқда. Жумладан, стратегия лойиҳасида давлат бошқаруви ва давлат хизматларини кўрсатиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш доирасида архив материалларининг рақамлаштирилган улушини 80 фоизгача ошириш, мавжуд 40 миллион ҳужжатдан 25 миллионини рақамлаштириш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳоким ва унинг ўринбосарлари томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни, жумладан, коллегиал орган сифатидаги қарорлар, хулоса, далолатнома ва баённомаларни “E-qaror” электрон тизими орқали ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиёти 100 фоизга етказилиши кўзда тутилган.
Хўш, бугун рақамлаштириш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг сабаби нимада? Янада бойитилаётган стратегияда бу борада яна қандай мақсадлар кўзда тутилмоқда?
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси Шаҳноза Холмахаматова батафсил гапириб берди:
— Инсон тафаккури ўзгарса, давлат ҳам ўзгаради. Агар фикрлаш тезлиги замон суръатига мос келмаса, энг замонавий бинолар ҳам, энг чиройли қарорлар ҳам ҳаётни енгиллаштира олмайди. Бугун дунё айнан шу ҳақиқатни очиқ-ойдин кўрсатмоқда.
Шу боис, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги таҳририда рақамлаштириш масаласи алоҳида бир соҳанинг вазифаси сифатида эмас, балки бутун бошқарув маданиятини, инсон билан давлат ўртасидаги муносабатни тубдан ўзгартириш воситаси сифатида қаралмоқда.
Кеча фуқаро оддий бир масала учун бир неча идорага кириб чиқар, турли қоғозлар йиғар, вақт ва асаб сарфлар эди. Бугун эса давлатнинг ўзи фуқаро ҳақидаги маълумотни электрон тизим орқали кўра олади. Янги таҳрирда айнан шу ёндашув мустаҳкамланяпти: инсон давлатга хизмат қилмайди, давлат инсон учун ишлайди. Масалан, бола туғилганда ёки пенсия ёшига етганда, инсон “қайси идорага борсам экан”, деб ўйламайди. Давлат рақамли тизимлар орқали бу ҳолатни ўзи “кўради” ва тегишли хизматни таклиф этади. Бу эса рақамлаштиришнинг энг муҳим мазмуни — давлатнинг инсон ҳаётига мослашуви.
Қоғоздан рақамга ўтиш фақат қулайлик эмас, балки адолат масаласидир. Қачонки, маълумот электрон тизимда бўлса, уни яшириш, сунъий тўсиқ қўйиш ёки “келишиб олиш” имкони кескин камаяди. Шунинг учун стратегияда давлат органлари ўртасида маълумот алмашинувини тўлиқ рақамлаштириш, фуқародан бор маълумотни қайта-қайта сўрамаслик қатъий мақсад қилиб қўйилган. Бу ўзгаришлар оддий одам учун “бир қоғоз камайди” деганидек туюлиши мумкин, аслида эса бу тизимли фикрлашнинг ўзгаришидир.
Ўтган вақт мобайнида давлат органлари ўртасида маълумот алмашинуви йўлга қўйилиши натижасида ўнлаб турдаги маълумотномалар талаб қилиш амалиёти бекор қилинди. Янгиланаётган стратегияда эса 20 миллиондан ортиқ архив ҳужжатларини рақамлаштириш, давлат органлари ўртасида маълумот алмашувини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш вазифаси қўйилган.
Рақамлаштириш иқтисодиётда ҳам яққол сезиляпти. Тадбиркор учун энг қиммат нарса — вақт. Электрон ҳисоб-китоблар, онлайн рўйхатдан ўтиш, масофавий ҳисоботлар айнан шу вақтни тежашга хизмат қиляпти. Янги таҳрирда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, IT соҳасини экспортбоп тармоққа айлантириш, сунъий интеллект ва маълумотлар таҳлилига асосланган қарорлар қабул қилишга ўтиш кўзда тутилмоқда. Бу дегани, иқтисодий ўсиш энди кўпроқ инсон зеҳни ва технологиялар билан таъминланади.
Қишлоқ хўжалигида ҳам рақамли ёндашув инсон меҳнатини енгиллаштирмоқда. Ер, сув, ҳосил ҳақидаги маълумотлар аниқ бўлса, қарор ҳам тўғри қабул қилинади. Янги стратегияда ер ва сув ресурсларини рақамли ҳисобга олишни кенгайтириш орқали исрофни камайтириш, натижадорликни ошириш мақсад қилинган. Бу ерда ҳам асосий ғоя бир: кўр-кўрона иш эмас, ҳисоб-китобли тафаккур.
Албатта, барча ислоҳотлар марказида инсон туради. Агар инсон рақамли фикрламаса, энг яхши тизим ҳам ишламайди. Шу боис, стратегия лойиҳасида ёшларни IT соҳасига кенг жалб қилиш, рақамли саводхонликни ошириш, давлат хизматчиларининг фикрлаш тарзини янгилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу техник эмас, маънавий ислоҳот ҳамдир. Чунки, рақамлаштириш, аввало, онгда бошланади.
Рақамли муҳит ишонч талаб қилади. Шунинг учун шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари янги таҳрирда устувор аҳамият касб этмоқда. Инсон ўз маълумоти хавфсиз эканига ишонмаса, рақамли хизматдан ҳам фойдаланмайди. Демак, ишончни, аввало, рақамли тараққиётнинг пойдевори дейиш мумкин.
Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги таҳририда рақамлаштиришга берилган эътиборни фақат технологияларга қаратилган ислоҳот деб қараш нотўғри бўлади. Бу давлатнинг инсон тафаккурига мослашишга қаратилган онгли танловидир. Давлат қанчалик рақамли бўлса, инсон шунчалик эркин фикрлайди, ўз ҳақ-ҳуқуқини тезроқ англайди ва ҳаёти устидан назоратни қўлига олади. Шунинг учун рақамлаштириш бугун қоғозни қисқартириш ёки хизматни тезлаштириш билан чекланмайди, балки у жамиятнинг фикрлаш услубини янгилаяпти. Ана шу янгиланган тафаккур эса Ўзбекистонни 2030 йилга нафақат замонавий давлат, балки инсон қадри устувор бўлган жамият сифатида олиб боришга қодир кучга айланади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди,
ЎзА