Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Стратегия ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаол бўлиши лозим
18:06 / 2023-10-19

Бугун “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия ҳамда партия фракциясининг 2023 йил 9 ойлик фаолияти якунлари, партия фаолиятини рақамлаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича режалар муҳокама қилинди.

Пленумда дастлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ва унинг ижросини таъминлашда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг ўрни ҳақида сўз борди.    

Қайд этилганидек, бешта йўналиш ва юзта асосий мақсадни бирлаштирган ушбу дастуриламал ҳужжатда муҳим мақсад-вазифалар ўз аксини топган. Жумладан, таълим тизими ислоҳотларига бирламчи эътибор қаратилган. Илм-маърифат, таълим-тарбия, маънавият инсонни камолотга элтувчи, унга нажот, куч берувчи буюк неъмат экани, айниқса, бугунги тезкор ва шиддат билан ўзгараётган дунёда янада яққол намоён бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, партия вакиллари ҳамда барча даражадаги депутатлик корпуси жойларда Стратегияда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.      

Пленумда ўтган даврдаги фаолият сарҳисоб қилинар экан, партия фракцияси аъзолари 4 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлгани, фракция таклифи билан таълим тизимидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни ҳал этиш, соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ҳукумат соати, парламент эшитувлари амалга оширилгани таъкидланди. Фракция аъзолари томонидан сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан мансабдор шахсларга 12 та депутат сўрови юборилди.    

Ҳисобот даврида партиянинг “Депутат билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 4 минг 320 таси ижобий ҳал этилди. “Хизмат-беминнат” лойиҳаси бўйича 821 ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилиб, 1 минг 573 нафар хотин-қизлар бепул касб-ҳунарга йўналтирилди. Шунингдек, 1 минг 164 нафар ёшлар бепул ўқув курсларига жалб этилди. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этиш натижасида 1 минг 130 нафар хотин-қизлар, 412  нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди.    

Пленумда ҳисобот давридаги фаолият танқидий таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, Стратегия ижросини таъминлашда янада фаол иштирок этиш лозимлиги таъкидланди.    

   

М.Комилова,  

ЎзА