French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Стратегия демократик институтлари ривожига хизмат қилади
21:03 / 2023-09-23

Андижонда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва роли” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят ҳокимлиги, Адлия бошқармаси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамда Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят ҳудудий бўлинмаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг диний ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар бўйича ўринбосари Раҳматилло Арзиев, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссияси раиси, сенатор Матлубахон Ғаниева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенко, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, сиёсий партиялар вилоят кенгашлари, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз ривожидаги аҳамиятини кенг тарғиб этиш, ушбу жараёнда давлат органлари, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг роли ва иштироки хусусида атрофлича сўз юритилди.

–“Ўзбекистон – 2030” стратегияси жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш, иқтисодиётнинг асосий драйвери бўлган тадбиркорликни янада ривожлантириш, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни “инсон манфаати энг улуғ мақсад” тамойили асосида амалга ошириш каби устувор масалаларни ўз ичига олган, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Фарҳодбек Атаханов. – Мазкур ҳужжат юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини кенгайтириш баробарида янги-янги ташаббус¬ларга замин яратади. 

Тадбирда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари – Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Абдулҳамид Нурматов, ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раиси Хуршида Халилова, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди директори Зардуна Исмоилова ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси раиси Диёрбек Турғуновнинг маърузалари тингланди. 

Маърузаларда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа этиб белгиланганлиги айтиб ўтилди. 

Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегияси – халқ стратегияси” шиори остида белгиланган ислоҳотларнинг изчил, сифатли ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида онлайн портал ишга туширилиши, унда стратегия ижросининг таъминланиш даражаси, ислоҳотларнинг сифатли амалга оширилишини аҳоли томонидан ҳар бир мақсад ва ундаги кўрсаткичлар бўйича баҳолаш, улар юзасидан фикр ва мулоҳазалар ва ташаббуслар билдириш имконияти яратилганлиги таъкидланди. 

Давра суҳбатида “Инсон қадри учун” бош ғояси асосида юртимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилганлиги, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги алоҳида қайд этилди.

[gallery-13701]

Иштирокчилар томонидан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Андижон вилояти учун энг долзарб аҳамият касб этаётган йўналишлар – ҳудудлар, меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, таълим сифатини яхшилаш, педагог кадрлар мақоми ва малакасини ошириш, аҳолининг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш маданиятини юксалтириш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг ҳамда фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ аҳоли ҳаётига хавф солувчи офатларнинг олдини олиш соҳаларида тегишли ташкилот, муассаса ва манфаатдор идоралар вакиллари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Давра суҳбати якунида Стратегияда белгиланган мақсад ва вазифаларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли рўёбга чиқаришга қаратилган таклиф ва тавсиялар илгари сурилди, келгусида амалга оширилиши зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари.