Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Стратегия аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда
14:16 / 2024-10-15

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида аҳолининг ўртача умр давомийлигини ошириш, бирламчи тиббий хизматларни янада яқинлаштириш ва соғлиқни сақлаш соҳасининг бошқа қатор йўналишларида аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Бундан беш-олти йил аввал ҳам Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш тизими ҳаминқадар ривожланган воҳа эди. Кейинги йилларда соҳага қаратилаётган юксак эътибор вилоятни замонавий тиббиёт юксалаётган ҳудудга айлантирмоқда. Бу жараёнда аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилиб, умр давомийлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Янги тиббиёт масканлари қурилиб, мавжудлари тубдан реконструкция қилинаётир. Хорижнинг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланиб, аҳоли саломатлигини сақлаш учун барча шароит яратилмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилда воҳада ўнта оилавий шифокорлик ва оилавий поликлиникада таъмирлаш, реконструкция ишлари амалга оширилди. Қўшимча маблағлар ҳисобидан 10 та бирламчи тиббиёт муассасаси тубдан таъмирланди. Бунинг учун 15 миллиард сўм маблағ сарфланмоқда. Оилавий поликлиника ва оилавий шифокорлик пунктлари 3,1 миллиард сўмлик 117 та стоматологик аппарат, 4 турдаги тиббий жиҳоз билан таъминланди. Ўтган йили 94 та оилавий поликлиникага доплерли УЗИ ва ЭКГ аппаратлари берилган бўлса, бу йил 96 та оилавий поликлиника физиотерапевтик аппаратура билан жиҳозланди. Мавжуд кўп тармоқли марказий поликлиникаларнинг барчасига қиймати 1 миллиард 267 миллион сўмлик аёллар ўртасида бачадон бўйни саратони касаллигини эрта босқичда аниқлаш ва даволаш имкониятига эга кольпоскопия аппарати етказиб берилди. Тиббиёт муассасаларига 25 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига ангиограф, артроскоп, рақамли рентген, диагностика аппарати, физиотерапевтик, лаборатория жиҳозлари етказиб берилди.

Соҳада юз бераётган бу ўзгаришлар вилоятнинг олис ва чекка ҳудудларида ҳам аҳолига тезкор, сифатли хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга кенг имконият яратди. Жойларда касалликларни барвақт аниқлаш, профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш, диагностика ва даволашнинг замонавий усулларини кенг жорий этишга қулай муҳит яратди. Шунингдек, аҳоли ўртасида патронаж тизимини яхшилаш, уйда ётиб қолган беморлар ҳолидан ўз вақтида хабар олишга қулайлик яратиш учун патронаж ҳамширалар “Скутер”, планшет билан таъминланмоқда.  

Аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тизимни такомиллаштириш, сурункали касаллиги мавжуд беморларни соғломлаштиришда муҳим омил бўлаётир. Тажрибали шифокорларнинг тез-тез бирламчи бўғинларда бўлиб, аҳоли учун тиббий кўриклар ўтказаётгани юзага келаётган касалликларни барвақт аниқлаб, даволашга хизмат қилаётир. Бунга Олтинсой тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 62-оилавий поликлиникада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва туман тиббиёт бирлашмаси ҳамкорлигида ўтказилган тиббий кўрик ҳам яққол мисол бўлади.

Тиббиёт маскани туманнинг Шакарқамиш, Олмазор, Яккатут маҳаллаларида яшаётган 10 минг 532 кишига тиббий хизмат кўрсатади. Оилавий поликлиника сўнгги йилларда аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароитларга эга бўлди. Хизмат сифати ва самарадорлиги ошди.

– Халқимизнинг саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилаётган юксак эътибор қишлоқ одамларининг тани сиҳатлигини ва соғлом турмуш тарзини таъминлашга хизмат қилмоқда, – дейди оилавий поликлиника мудири Менгали Қорабоев. – Жумладан, ушбу тиббий кўрикка ҳам пухта тайёргарлик кўрилди. Ҳудудларга бириктирилган 13 нафар патронаж ҳамшира хонадонларда бўлиб, хатлов ва антропометрия тадбирларини амалга ошириш жараёнида аҳолини тиббий кўрикка таклиф этди. Натижада мингга яқин киши чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиб, ўз соғлиги ҳақида етарли маълумотга эга бўлди.  

Тадбирда вилоятдан келган малакали мутахассислар туман тиббиёт бирлашмасининг уролог, кардиолог, травматолог, терапевт, офтальмолог, эндокринолог, гинеколог, хирург, психиатр, педиатр, невропатолог, пульмонолог йўналишларидаги шифокорлари ҳамкорлигида аҳолини зарур тиббий кўрикдан ўтказди. Мобил офтальмология ва маммография, рентген текширувлари ташкил этилди. Кўрик чоғида икки юздан ортиқ аҳолида турли хил касалликлар аниқланиб, уларга зарур амбулатор ва стационар муолажалар тавсия қилинди.  

– Кейинги пайтларда оёқ оғриғи безовта қилаётган эди, – дейди Яккатут маҳалласида яшовчи 75 ёшли Фотима Пардаева. – Бугун ревматолог шифокор қабулида бўлдим. Текширувдан ўтганимдан сўнг муолажа учун керакли маслаҳатлар берилди. Авваллари озгина иситмамиз чиқса ҳам туман марказига борар эдик. Энди ўзимизнинг оилавий поликлиникада стационар тартибда даволаняпмиз. Жонкуяр шифокорлар хизматидан розимиз. Бундай ғамхўрликлар учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз.  

Тиббий кўрик доирасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш кенг тарғиб қилинди. Шунингдек, соҳа мутахассислари қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта туғруқнинг асоратлари, туғруқлар орасидаги муддат, туғруқ учун энг мақбул ёш, она сутининг аҳамияти ҳақида суҳбатлар ўтказди. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган муҳим ғояларнинг амалдаги самарасидир.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири