Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими янгича ёндашувлар асосида ташкил этилади
15:59 / 2026-01-07

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Стратегик режалаштиришни ташкил этиш, стратегик режалаштириш ҳужжатларини ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва амалга оширилишини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Стратегик режалаштириш ҳужжатларининг самарадорлик кўрсаткичларини мониторинг қилиш Стратегик режалаштириш ва ривожланишнинг рақамли платформаси орқали амалга оширилади. Бунда: 

а) мақсадли кўрсаткичларга масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ҳар бир самарадорлик кўрсаткичига эришиш бўйича ҳақиқий маълумотлар, натижалар ва тасдиқловчи ҳужжатлар доимий равишда киритиб борилади; 

б) миллий даражадаги кенг қамровли стратегик режалаштириш ҳужжатларининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича давлат органлари рейтинги тузилади ва Бошқарув самарадорлиги агентлиги томонидан Давлат органлари фаоллигининг миллий рейтингини шакллантиришда инобатга олинади; 

в) соҳа, тармоқ, ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ дастурларни (чора-тадбирлар, "йўл хариталари", режалар ва бошқалар) назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларидаги маблағ ажратилишини талаб қиладиган масалалар вазирлик ва идоралар томонидан Рақамли платформанинг тегишли модулидаги маълумотларга боғлаш орқали асослантирилади; 

г) Рақамли платформада соҳа, тармоқ, ҳудудларни ривожлантириш билан боғлиқ дастурларни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларидаги маблағ ажратилишини талаб қиладиган масалалар асослантирилмаган лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан келишилмайди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан ҳудудларни ривожлантириш бўйича таклиф ва ташаббусларни ишлаб чиқиш аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокини таъминлаган ҳолда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида тузилган "Ислоҳотлар штаблари" билан яқин ҳамкорликда қуйидаги йўналишларда амалга оширилади: 

а) ҳар бир ҳудуднинг табиий, иқтисодий ва инсон ресурсларига кўра ихтисослашувини белгилаш; 

б) ҳар бир ҳудуд учун ишончли ва тўлиқ маълумотлар асосида соҳа ва тармоқлар кесимида ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш; 

в) иқтисодий номутаносибликларни камайтириш, бунда оғир тоифадаги туман ва шаҳарлар учун алоҳида солиқ, молиявий ва инфратузилмавий имкониятлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш; 

г) ҳудудлараро ҳамкорлик ва кооперацияни ривожлантириш, йирик шаҳарлар ва атрофидаги ҳудудлар ўртасида иқтисодий ва инфратузилмавий алоқаларни кучайтириш; 

д) ҳудудларда бошқарувни тўлиқ рақамлаштириш, шу жумладан, геоахборот тизимлари (GIS), очиқ маълумотлар платформалари ва интерактив онлайн кузатув воситаларини жорий қилиш.

ЎзА