Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Стратегик ҳужжатдаги мақсадлар биздан масъулият ва жавобгарликни тақозо этади
15:10 / 2022-02-11

Мамлакатимизда таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, халқаро тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш борасида қатор саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Хусусан, олий таълим соҳасида узоқ йиллар давомида йиғилган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилиб, соҳада туб ўзгаришларга эришилмоқда.

Узвий ислоҳотлар натижасида сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди. Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 28 фоизга етказилди. Олий ва ўрта махсус таълим соҳаси вакиллари мажбурий меҳнатдан озод этилди, уларнинг ойлик маошлари 3-3,5 баравар оширилди. Бу каби амалий ишлар Учинчи ренессанс пойдеворини қўйишда муҳим аҳамият касб этади.  
 
Келгусида ушбу йўналишдаги ислоҳотлар давомийлиги таъминланади. Таълим тизимини ҳар томонлама ривожлантириш, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида янги ташаббус ва ғоялар илгари сурилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилади. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказиш чоралари кўрилади.  
 
Олий таълимни ривожлантириш борасидаги муҳим ташаббус ва мақсадлар Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам ўз ифодасини топиб, самарали режалар кўзда тутилмоқда. Жумладан, Тараққиёт стратегиясида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш ва таълим сифатини ошириш борасида бир қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, жорий 2022 йилда ёшларни олий таълим билан қамров даражасини 38 фоизга етказиш кўзда тутилган.

2026 йилда эса қабул кўрсаткичини камида 250 мингга етказиш белгиланган. Ушбу мақсадлар юртимизда олий таълимга эга бўлган етук мутахассисларни тайёрлаш, соҳалар учун зарур бўлган малакали кадрларни етиштириб бериш ҳамда ёшларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.   
 
Олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш, албатта, ўз-ўзидан кечадиган жараён эмас. Бунинг учун ўз навбатида, зарур шарт-шароит ҳам талаб этилади. Бу борада 2026 йилгача нодавлат олий таълим ташкилотлари сонини ҳам ошириб, камида 50 тага етказиш кўзда тутилаётгани эътиборга молик.

Чунки ҳудудларда нодавлат олий таълим муассасалари ҳам кўпайтирилса, ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси ҳам ортади. Шунингдек, мавжуд олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқув хоналарини ва ўринларини кўпайтириш, таълим шаклларидан самарали фойдаланиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни алоҳида эътироф этиш лозим.  
 
Тараққиёт стратегиясида давлат олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик бериш, шу жумладан улар томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш амалиётини йўлга қўйиш масалалари ҳам кўзда тутилган. Бу чоралар соҳада рақобатни кучайтириб, ҳар бир олийгоҳ ўзини ўзи таъминлаш, шарт-шароитларини яхшилашга интилишларини рағбатлантиради.  
 
Бундан ташқари, дастуриламал ҳужжатда 2026 йилга қадар 10 та салоҳиятли олий таълим муассасасини QS ва TНE халқаро рейтингларига киришга тайёрлаш борасида ҳам аниқ мақсадлар қўйилган. Олий таълим муассасаларининг QS ва TНE халқаро рейтингларига кириши учун мақсадли дастур ишлаб чиқилади ва 10 та салоҳиятли олий таълим муассасаси танлаб олинади. Бу эса юртимиздаги барча олий таълим муассасалари ўз фаолиятини янада жонлантиришига, ўқув услубларини замон талабларига мослаштиришига, халқаро рейтингларга муносиб бўлишига туртки беради.   
 
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда олий таълимга қаратилаётган эътибор илмий салоҳиятни юксалтириш, аҳолининг олий таълим билан қамровини оширишда муҳим ўрин тутади. Келгуси 5 йиллик стратегик ҳужжат доирасида соҳада жадал ислоҳотлар амалга оширилиши, ўз навбатида, биз соҳа мутахассисларидан ҳам катта масъулият ва жавобгарликни, ўз устимизда мунтазам ишлашни тақозо этади.  

 
Дилсўз Зойирова,   
Тошкент давлат юридик
университети ўқитувчиси
ЎзА