Куни кеча Россия Президенти Владимир Путин ва АҚШнинг янги Президенти Жо Байден ўртасида илк телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Унда икки мамлакат раҳбарлари Стратегик ҳужум қуроллари (СҲҚ-3) бўйича шартномага амал қилиш муддатини узайтириш бўйича бир тўхтамга келишди, деб хабар берди Кремль матбуот хизмати.
Дунёнинг энг кўп ядро қуролларига эга мамлакатлари ҳисобланган АҚШ ва Россиянинг мазкур шартнома бўйича келишуви халқаро майдонда ижобий баҳоланмоқда. Чунки СҲҚ-3 шартномасини узайтириш Россия – АҚШ муносабатларининг истиқболи учун ижобий сигнал бўлди, деб қаралмоқда.
Россиялик экспертлар ушбу муваффақият АҚШ ва Россия муносабатларида туб бурилиш ясайди, деб умид қилишга ҳали эрта экани таъкидлаётганига қарамай, икки давлат раҳбарларининг мулоқоти ўртадаги қарама-қаршиликларни юмшатишда дастлабки қадамлардан, дейиш мумкин.
Масалан, Россия Давлат думасининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси аъзоси Сергей Железняк СҲҚ-3 шартномасининг узайтирилиши қуролланиш пойгасини жиловлаб туришга ҳамда бошқа давлатларнинг ҳарбий бюджетини оширишга бўлган хоҳишини тўхтатиб туришга чорлайди, дейди.
Россия билан АҚШ ўртасида имзоланган СҲҚ-3 шартномаси 2011 йил 5 февралда кучга кирган. Шартнома муддатини чўзиш бўйича битимни имзолаш 5 февралдан кечга қолмаслик керак.
Мазкур ҳужжатга кўра, томонлар ядро қуролларини шундай кўринишда қисқартириш керакки, токи етти йил ўтгандан кейин қитъалараро баллистик ракеталар, сувости кемаларидаги ҳамда оғир бомбардимончи самолётлардаги баллистик ракеталар сони 700 тадан ошмаслиги лозим.
Шунингдек, ядро каллаклари 1550 та, жанговар ҳолатга келтирилган ва келтирилмаган отиш қурилмалари 800 тадан кўп бўлмаслиги керак. Бугунги кунда СҲҚ-3 Москва билан Вашингтон ўртасидаги қуролларни чеклаш бўйича амалда бўлган ягона шартнома ҳисобланади. Аммо унинг муддати шу йил 5 февралда тугайди. Агар шартнома узайтирилмаса, дунёда ядро қуролларини кўпайтиришини тўхтатиб турадиган бошқа ҳужжат қолмайди.
Дарвоқе, мазкур ҳужжат тақдири нега бунчалик тиғиз вақт билан ҳал этилмоқда? Аввал бунга вақт бўлмаганми, деган савол туғилиши табиий.
Гап шундаки, АҚШнинг аввалги маъмурияти кўплаб халқаро ҳужжатларни қайтадан тафтиш қилишга киришиб кетганди. Натижада АҚШ кўпгина халқаро келишувлар, жумладан, Иқлим ўзгариши бўйича Париж битимидан чиқиб кетди, пандемия даврида барча айбни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига ағдариб, ушбу ташкилотга аъзолик бадалини тўламай қўйди, қолаверса, Оқ уй СҲҚ-3 шартномасини ҳам узайтиришдан бош тортди. Дональд Трамп маъмуриятининг ушбу қарорини қанчалик даражада асосли қилиб кўрсатишга урингани кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Ўшанда Дональд Трамп шартноманинг ҳозирги кўриниши Вашингтон манфаатларига мос эмаслигини рўкач қилганди. Оқ уй янги шартномани ишлаб чиқишда унга Хитойни ҳам жалб қилишни ёки шартномани қўшимча шартлар билан чўзишни талаб қилди. Москва эса мавжуд ядро қуролларини музлатиб, шартномани ҳеч қандай шартларсиз узайтиришни таклиф қилди. Лекин Трамп бу таклифни ҳам рад этди.
Айрим манбаларда Хитойнинг ушбу шартномага нима учун қўшилмаслиги сабаблари ҳам келтирилди. Бунда Пекин ўзидаги ядро қуроллари сони шундоқ ҳам Россия ва АҚШникига қараганда оз экани айтилади. Бироқ Байден билан Путиннинг телефон мулоқоти Хитойни беэтибор қолдирмади.
Хитой ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Чжао Лицзянь брифинг ўтказиб, Россия билан АҚШ ўртасида СҲҚ-3 шартномаси муддатини узайтириш бўйича келишиб олинганини ижобий баҳолади. Унинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат дунёда глобал миқёсдаги стратегик барқарорликни таъминлашга имкон беради.
Энди АҚШнинг янги президенти Жо Байден маъмурияти шартнома муддатини чўзишга тайёр эканини намойиш қилмоқда.
“СҲҚ-3 ни узайтириш АҚШ ва Россиянинг қуролсизланиш соҳасидаги дипломатияси ишлай бошлаётганини англатиши лозим”, дейди қуролларни назорат қилиш бўйича уюшманинг ижрочи директори Дэрил Кимбелл.
Унинг фикрича, мазкур ҳужжат муддатининг узайтирилиши ҳаддан ортиқ кўп, қиммат ва ажал келтирувчи қуролларни қисқартиришда икки мамлакат учун ҳам фойдали. Унинг қўшимча қилишича, СҲҚ-3 шартномаси муддатининг яна беш йилга узайтирилиши ядровий хавфни пасайтириш йўлидаги муҳим қадамларни бошлаш учун асосий омил бўлади.
Кимбелл тарқатган баёнотда айтилишича, ассоциация АҚШ ва Россия президентларини келгуси 200 кун давомида стратегик барқарорлик бўйича ҳамда ядро қуролларини ўзаро келишган ҳалда қисқартириш йўналишида музокараларни давом эттиришга чақиради. Шунингдек, баёнотда бошқа ядро қуролига эга давлатлар билан ҳам қуролсизланиш бўйича ўзаро ҳаракат қилишга йўл топиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланади.
Умуман, икки етакчи давлат раҳбарининг телефон мулоқоти қуролсизланиш бўйича жиддий қадам бўлиши мумкин. Зеро, кейинги қадамлар, яъни Байден билан Путиннинг навбатдаги музокаралари стратегик бўлмаган қуролларни ҳам қисқартириш масаласига тааллуқли бўлса ажаб эмас.
Инсоният шундоқ ҳам пандемия туфайли жуда катта инқирозни бошдан кечирмоқда. Ҳали унинг оқибатларини тугатиш учун қанча вақт, куч, маблағ зарур бўлади. Шундай шароитда қуролланиш пойгасини авж олдириш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Шу боис СҲҚ-3 шартномаси нафақат Россия ва АҚШ, балки бутун дунёда тинчлик ва барқарорликка дахлдор ҳужжат, деб қаралмоқда.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА