Сирдарё вилоятида Япония компаниялари билан қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, логистика ва хизматлар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Япониядан ташриф буюрган тадбиркорлар делегациясини қабул қилди. Учрашув Япония Республикасидаги Ўзбекистон элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилди.
Делегация таркибида қурилиш, логистика, саноат, автомобилсозлик ва хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритаётган йирик компания ва корпорациялар раҳбарлари иштирок этишди. Хусусан, Kodaira Kogyo қурилиш компанияси президенти, Kojima Logistics логистика компанияси бош директори, TDG Holdings ҳамда Kumamoto KDC Group компаниялари гуруҳи раҳбарлари, шунингдек Hirozawa Driving School, Onnetsu, Minami Holding, Asari Construction компаниялари ва Fairness Japan хусусий бандлик агентлиги вакиллари учрашувда фаол иштирок этишди.
Унда Сирдарё вилоятининг инвестиция салоҳияти, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги имкониятлари, транспорт-логистика инфратузилмаси, эркин иқтисодий зоналар ҳамда инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Вилоят ҳокими томонидан ҳудуддаги замонавий технологиялар жорий этилаётган корхоналар, ишлаб чиқариш қувватлари ва кадрлар тайёрлаш салоҳияти ҳам батафсил тушунтирилди.

Япониялик тадбиркорлар ўз навбатида Сирдарё вилояти билан амалий ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдириб, қатор йўналишларда аниқ инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга тайёр эканликларини таъкидладилар. Хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, логистика марказлари ташкил этиш, автомобиль тайёрлаш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, технология ва тажриба алмашиш, кадрлар тайёрлаш ҳамда илғор стандартларни маҳаллий ишлаб чиқаришга жорий этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, мазкур учрашув жорий йилнинг январь ойида Сирдарё вилояти делегациясининг Япония пойтахти Токио шаҳрига амалга оширган хизмат сафари доирасида ўтказилган музокараларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Ушбу сафар давомида Эркинжон Турдимов бошчилигидаги делегация Momiki Co. Ltd., Farmdo Group, Altai Trading Phytopharma, New Silk Way Inc., Aomori Nousan, Sozo Kobo Co., Ltd., Washin Trading ҳамда Onodera User Run каби компаниялар раҳбарлари билан қатор стратегик ва инвестиция йўналишлари бўйича музокаралар ўтказган эди.

Токио шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, савдо-логистика ва хизматлар соҳаларида истиқболли ҳамкорлик йўналишлари атрофлича муҳокама қилинган, технология ва тажриба алмашиш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган аниқ йўналишлар белгиланган эди.
Ана шу келишувлар ижросини таъминлаш мақсадида Япония тадбиркорлар делегациясининг Сирдарё вилоятига ташрифи ташкил этилди. Бу ташриф илк музокараларни амалий босқичга ўтказиш, инвестиция лойиҳаларини маҳаллий шароитда ўрганиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш учун мустаҳкам замин яратди.
Учрашув якунида томонлар доимий мулоқотни йўлга қўйиш, ишчи гуруҳлар ташкил этиш ва эришилган келишувларни амалий лойиҳаларга айлантириш бўйича келишиб олдилар. Музокаралар давомида мазкур изчил ҳамкорлик Сирдарё вилояти иқтисодиётини диверсификация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуднинг халқаро инвестициявий жозибадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири