Мактабгача таълим тизими ҳар қандай жамият тараққиётининг асосий пойдевори ҳисобланади. Чунки инсон шахси айнан шу босқичда шаклланади, унинг билимга интилиши, Ватанга муҳаббати ва миллий қадриятларга муносабати илк бор айнан шу муҳитда қарор топади. Шу маънода, мамлакатимизда мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар стратегик аҳамиятга эга муҳим ҳужжат сифатида баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳлари мажбурий умумий ўрта таълимнинг дастлабки босқичи сифатида белгиланди. Бу қарор болаларни мактабга тизимли ва ягона ёндашув асосида тайёрлаш, уларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкам шакллантиришга хизмат қилади. 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ушбу гуруҳларда таълим олий маълумотли педагоглар томонидан олиб борилиши ва болаларга давлат намунасидаги электрон сертификат тақдим этилиши тизим шаффофлиги ва масъулиятини янада оширади. Шунингдек, нодавлат таълим ташкилотларига мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этиш ҳуқуқининг берилиши рақобат муҳитини кучайтириб, таълим хизматлари сифатини яхшилашга замин яратади.
Замонавий педагогик ёндашувлардан бири сифатида ўйинга асосланган таълим жорий этилмоқда. Бу усул боланинг табиий ривожланиш эҳтиёжларига тўлиқ жавоб беради. Ўйин орқали болада мустақил фикрлаш, ижодкорлик ва жамоада ишлаш кўникмалари шаклланади. Шу билан бирга, миллий ғурур, Ватанга муҳаббат каби маънавий фазилатлар ҳам мустаҳкамланади. Болаларни ривожлантириш инновацион марказларида ташкил этиладиган тематик ўйингоҳлар — фан ва математика, ижод ва санъат, робототехника ва илк алгоритмлаш каби йўналишлар бўйича эрта ривожланиш имкониятларини кенгайтиради. Бу эса мактабгача таълим мазмунини замон талабларига мос равишда бойитишга хизмат қилади.
2026–2028 йилларда ҳудудларда ташкил этиладиган “Янги авлод” мактабгача таълим муассасалари тизимни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Ушбу муассасалар илғор хорижий тажрибалар асосида фаолият юритиб, ўз таркибида инновацион ривожлантириш марказларини мужассам этади. Раҳбар ва педагог кадрлар танлов асосида саралаб олинади, ходимлар учун 20 фоиз қўшимча устама жорий этилади. Бу эса соҳада рақобатбардош, ташаббускор ва юқори малакали кадрларни жалб этиш, педагогларнинг меҳнатга рағбатини оширишга хизмат қилади.
Фармонда педагог кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Педагогика олий таълим ташкилотларида таълим дастурлари халқаро илғор тажрибалар асосида такомиллаштирилади, ўрта махсус маълумотли педагоглар учун дуал таълим шаклида бакалавр тайёрлаш йўлга қўйилади. Бу, айниқса, ҳудудларда фаолият юритаётган давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасалари учун катта имкониятлар эшигини очади.
Мактабгача таълим қамрови 80 фоиздан паст бўлган ҳудудларда давлат-хусусий шериклик асосида қўшимча имтиёзлар берилмоқда. Масалан, 30 йиллик ижара тўловидан озод қилиш, ҳар бир бола учун давлат субсидиялари ажратиш ва 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредитлар тақдим этиш тадбиркорларни соҳага фаол жалб этишга ёрдам беради. Бу механизм қисқа муддатда инфратузилмани кенгайтириш ва ҳудудлар бўйича қамровни оширишга имкон яратади.
Умуман олганда, қабул қилинган фармон мактабгача таълим тизимини мазмунан ва сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган комплекс ислоҳотлар дастуридир. Унда таълим мазмуни, кадрлар сиёсати, инфратузилма ва молиявий механизмлар уйғунлашган ҳолда кўзда тутилган. Энг муҳими, бу ислоҳотлар марказида бола манфаати турибди. Чунки мактабгача таълимга киритилган ҳар бир сармоя — бу мамлакатнинг эртанги кунига, интеллектуал салоҳиятига ва барқарор тараққиётига киритилган сармоядир.
Маҳмуд Мамарасулов,
Сирдарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими
бошқармаси бошлиғининг Мактабгача таълим бўйича ўринбосари