Ўзбекистон Республикаси Президенти “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини жорий этиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб "мақсад-ҳаракат-натижа" занжири асосида стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва баҳолашни ўз ичига олган стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизими жорий этилади.
Қуйидагилар стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимининг асосий вазифалари этиб белгиланди:
а) стратегик аҳамиятга эга ҳужжатларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолашнинг барқарор ва самарали механизмини шакллантириш;
б) стратегик режалаштириш ва ривожланиш ҳужжатларининг ягона иерархияси ва ўзаро мувофиқлигини таъминлаш;
в) стратегик режалаштириш ва ривожланиш соҳасида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро ҳамкорлиги тартиби, ваколатлари, функционал вазифалари ва жавобгарлик чегараларини белгилаш;
г) чуқур илмий тадқиқотлар, тенденциялар ва прогнозларни холисона таҳлил қилиш асосида давлат сиёсатининг стратегик устуворликларини шакллантириш ва амалга ошириш;
д) аниқ, шаффоф ва ўлчанадиган кўрсаткичларга асосланган стратегик мақсадларга эришиш самарадорлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш тизимини жорий этиш;
ж) соҳалар, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришга янгича ёндашувларни жорий этиш, замонавий форматлар ва инновацион усуллар асосида ишларни ташкил қилиш;
з) стратегик таҳлил ва режалаштириш соҳасида юқори малакали кадрлар янги авлодини тайёрлашнинг интеграциялашган тизимини яратиш.
Стратегик режалаштириш ҳужжатларининг иерархияси қуйидаги тартибда белгиланади:
а) биринчи даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари мамлакатни, унинг ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришда давлат сиёсатини шанллантириш ва амалга ошириш билан боғлиқ устувор йўналишларни, бошқарувнинг нонцептуал ёндашувларини белгиловчи концепциялар шаклида қабул қилинади. Бунда нонцепция мувофиқлаштириш, ресурслар билан таъминлаш ва уларни амалга ошириш самарадорлигини баҳолашнинг умумий механизмларини ўз ичига олган муайян стратегияларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб ҳисобланади;
б) иккинчи даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари ўрта ва узоқ, муддатли истиқболда мамлакат, ҳудуд, тармоқ ёки давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳасини ривожлантиришнинг мақсади, вазифалари, мақсадли кўрсаткичларига эришишга қаратилган ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ белгиланган механизмлари ва ресурсларини ўз ичига олган стратегиялар шаклида қабул қилинади;
в) учинчи даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари стратегиянинг мақсад ва вазифаларига эришишга қаратилган ўзаро боғлиқ батафсил чора-тадбирлар мажмуини белгиловчи дастурлар ("йўл хариталари", чора-тадбирлар режалари) шаклида қабул қилинади.
Биринчи даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари 7 йилдан ортиқ муддатга ишлаб чиқилади ва қоида тариқасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан тасдиқланади.
Иккинчи даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари 4 йилдан 7 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан тасдиқланади. Бунда "Ўзбекистон - 2030" стратегияси ва бошқа шу каби кенг қамровли стратегик режалаштириш ҳужжатлари нисбати бўйича муайян ёки бир неча соҳа, тармоқ ёки ҳудуд бўйича стратегик режалаштириш ҳужжатларидан юқори ҳисобланади.
Учинчи даражали стратегик режалаштириш ҳужжатлари 1 йилдан 3 йилгача бўлган муддатга ишлаб чиқилади ва қуйидаги тартибда тасдиқланади:
"Ўзбекистон - 2030" стратегияси ва бошқа шу каби кенг қамровли стратегик режалаштириш ҳужжатларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари;
иккинчи даражали бошқа стратегик режалаштириш ҳужжатларини амалга ошириш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинади.
Фармонга мувофиқ:
а) Таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик режалаштириш ва ривожланиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш этиб;
б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги этиб;
в) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлигини қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб қайта ташкил этилади.
ЎзА