Стол тенниси: U-11 ёш тоифасида Ўзбекистон кубоги соҳиблари аниқланди
Шу кунларда пойтахтимизда жойлашган Ўзбекистон стол тенниси федерацияси мажмуасида стол тенниси бўйича турли ёш тоифалари ўртасида мамлакат кубоги баҳслари қизғин давом этмоқда.
Келажак чемпионлари иштирокида ўтаётган муросасиз баҳсларда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган иқтидорли ёшлар ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Бугун, 14 ноябрь куни 11 ёшгача бўлган стол теннисчилар ўртасида ўтказилган финал беллашувлари натижасига кўра, ўғил болалар ўртасида умумжамоада Наманган вилояти жамоаси етакчиликни қўлга киритган бўлса, қизлар мусобақасида жиззахлик кичик ракетка усталари Ўзбекистон кубоги соҳиби бўлди.

Ўғил болалар ўртасида совринли ўринлар Фарғона, Сирдарё ва Тошкент вилояти вакилларига насиб қилди. Қиз болалар ўртасида эса Тошкент, Андижон, Фарғона вилояти жамоалари етакчиликни қўлга киритди.
Стол тенниси бўйича ёш тоифалари ўртасидаги кубок мусобақалари 17 ноябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА