Пойтахтимизда стол тенниси бўйича Халқаро олимпия қўмитасининг "Олимпия бирдамлиги" лойиҳаси доирасида мураббийлар учун ўқув-семинар машғулотлари бошланди.
Ўзбекистон стол тенниси федерацияси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилаётган семинар машғулотларини Халқаро стол тенниси федерациясининг Ривожланиш дастурига раҳбарлик қилган, ўз даврида Иордания ва Ўмон терма жамоаларида мураббий бўлиб ишлаган, айни пайтда Қатар терма жамоасини нуфузли мусобақаларга тайёрлаётган Муҳаммад Атум олиб бормоқда.

–Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 13 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳоратли спортчиларни саралаш, танлаш ва йўналтиришда халқаро тажрибадан кенг фойдаланиш лозимлиги айтиб ўтилган эди. Шу жиҳатдан, энг аввало ёш спортчиларни тайёрлайдиган мураббий-мутахассисларнинг билим даражасига эътибор қаратмоқдамиз. Шу мақсадда, Халқаро стол тенниси федерацияси билан ўрнатилган муносабатлар натижасида мамлакатимизда илк бор "Олимпия бирдамлиги" лойиҳаси дорисидаги семинар машғулотларини ташкил этдик. Ўйлайманки, ўтказилаётган амалий ва назарий машғулотлар мураббийларимизнинг билимини бойитади. Бу, ўз навбатида жаҳон спорт майдонларида катта натижаларга эришадиган стол теннисчилар етишиб чиқишига хизмат қилади, – дейди Ўзбекистон стол тенниси федерацияси бош котиби Гавҳархон Муқаддасова.
Назарий ва амалий тарзда кечаётган семинар машғулотларида спортчиларни шуғуллантиришнинг замонавий усуллари, нуфузли мусобақаларнинг техник-тактик жараёнларига тайёргарлик, ҳар бир спортчининг имкониятидан келиб чиқиб тўғри юклама бериш ва мусобақаларга психологик тайёрлаш каби бир қатор мавзулар қамраб олинмоқда.
Ўқув-семинар машғулотлари 10 апрелга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА