Пойтахтимиз Тошкентда стол тенниси бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон кубоги мусобақалари ўтказилмоқда.
Йилнинг энг сўнгги расмий турнири мақомидаги мамлакат кубогининг илк кунида эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасида саралаш мусобақалари бўлиб ўтди.

Шиддатли кечган ўйинлар натижасида аёллар жамоалари ўртасидаги ўйинлар сарҳисобига кўра, Тошкент шаҳри жамоаси, Фарғона ва Тошкент вилояти вакиллари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кичик ракетка усталари ярим финалга йўл олди.
Мусобақа тизимига мувофиқ Тошкент-2 ва Самарқанд вилояти жамоалари 24 декабрь куни 5–6-ўринлар учун баҳс олиб боради. Наманган вилояти жамоаси эса 7-ўринни қўлга киритди.
Эркаклар баҳсларида чорак финал учрашувлари натижаларига кўра, Фарғона вилояти жамоаси Самарқанд вилояти жамоасини мағлуб этиб, мусобақанинг илк ярим финалчисига айланди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси Бухоро вилояти теннисчиларини мағлуб этиб, иккинчи ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.
24 декабрь куни мазкур икки жамоа ярим финал босқичида ўзаро баҳс олиб боради.
Стол теннисининг жозибасини намойиш этаётган кубок ўйинларини бошқариб боришда 8 нафар ҳакамлар гуруҳи иш олиб бормоқда.
Мусобақалар 26 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА