Ўзбекистон Стол тенниси федерациясида 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни федерация раисининг биринчи ўринбосари Алишер Каримов олиб борди.
Кун тартибидан ўрин олган масалалар юзасидан тегишли мутасадди раҳбарлар ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди. Жумладан, олдиндаги энг йирик комплекс мусобақалар – “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинлари ҳамда “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик стол теннисчиларнинг муносиб иштирокини таъминлаш, шу билан бирга миллий терма жамоа аъзолари ўртасида соғлом ракобатни кучайтириш, жойларда селекция ишларини тўғри ташкил этиш, мамлакат миқёсидаги мусобақалар нуфузини ошириш ҳамда уларни тизимли ўтказиш, шунингдек тренерларнинг маҳоратини ва билимини мунтазам ошириб бориш ишларини янада самарали ташкил этиш чораларини кўриш белгилаб олинди.
Йиғилиш давомида хато ва камчиликларга йўл қўйган бир қатор вилоят бўлимлари раҳбарлари огоҳлантирилган бўлса, берилган вазифаларни ўз вақтида сифатли ташкил этган раҳбарлар ташаккурнома билан тақдирланди.
Тадбир якунида нуфузли халқаро мусобақада муваффақиятли иштирок этган бир қатор спортчилар федерация раҳбарияти томонидан қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бундан ташқари, шу куни 9 нафар спортчига “Спорт устаси” унвони топширилди.
ЎзА