Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Степлернинг ёши 150 дан ошган ёхуд бугуннинг тарихига муҳрланган ҳодисалар
09:02 / 2020-03-05

БУГУННИНГ ТАРИХИ


Ҳар йилнинг 5 март санаси Озарбайжонда миллий спорт байрами – “Жисмоний маданият ва спорт куни”, Қирғизистонда қирғизларнинг миллий бош кийими шарафига “Оқ қалпоқ куни”, шунингдек, “Қирғизистон Республикаси суд тизими ходимлари куни” сифатида нишонланади.

ЎЗБЕКИСТОН ТАРИХИДА

1918 йил (102 йил олдин) – Бухорони босиб олишига кўзи етмаган Туркистон Халқ Комиссарлари Совети раиси Фёдор Колесов совет аскарларига Тошкент томонга чекинишга буйруқ берди.

1923 йил (97 йил олдин) – Тошкентда Туркистон, Бухоро ва Хоразм республикаларининг I иқтисодий конференцияси ўз ишини бошлади.

1930 йил (90 йил олдин) – физик олим, академик Раҳим Бекжонов таваллуд топди (вафоти – 2000 йил). У ядро ҳолатлари яшаш вақтларини ўлчашнинг янги услубларини кашф этган.

1938 йил (82 йил олдин) – Ўзбекистонда спорт ишларини ривожлантириш ва унинг кўламини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшган ўзбек ўғлони, велоспорт устаси Ҳидоят Иноятов “Ўрта Осиё харитасини Германия ва Англияга сотишга уринганлик” ва Москвада ўтказилган Физкультурачилар кунида Сталинга суиқасд қилмоқчи бўлганликда айбланиб қамоққа олинди ва шу йили отиб ташланди. У вафотидан сўнг, 1958 йилда оқланди. 

1944 йил (76 йил олдин) – Бекобод шаҳрида Ўзбекистон тарихида биринчи марта Ўзбекистоннинг биринчи металлургия заводи (ҳозирги “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик бирлашмаси) ишга туширилди. У 1942 йилдан умумхалқ ҳашари йўли билан қурила бошланган эди.

1992 йил (28 йил олдин) – Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг рус тилидаги босма органи бўлган “Голос Узбекистана” ижтимоий-сиёсий газетасининг илк сони нашр этилди.

2018 йил (2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилди.

ЖАҲОН ТАРИХИДА

1792 йил (228 йил олдин) – Францияда инқилобий ҳукумат Сарбонна университети ва мамлакатдаги барча илоҳиётшуносликка оид факультетларни ёпиб қўйди.

1824 йил (196 йил олдин) – Англиянинг Ост-Индия компанияси Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган Мяньмага қарши уруш бошлади.

1827 йил (193 йил олдин) – итальян физиги ва физиологи, бир қанча электр асбоблари ихтирочиси, 1775 йилда ёнувчи газ – метанни топган Алессандро Вольта вафот этди (таваллуди – 1745 йил). Электр кучланиш бирлиги – вольт унинг номи билан аталган. У одамнинг кўриш ва таъм билиш органлари электрдан қўзғалишини аниқлаган.

1868 йил (152 йил олдин) – Англияда Жорж Макгилл томонидан қоғоз варақларини металл чангакчалар билан бириктириш, тикишга мўлжалланган дастаки ёки механик мослама – степлер патентланди.

1910 йил (110 йил олдин) – япон тадбиркори, тез тайёрланадиган лағмон кашфиётчиси Андо Момофуку дунёга келди (вафоти – 2007 йил). У тез тайёрланадиган ва узоқ муддат сақлаш мумкин бўлган лағмонни яратиш устида анча бош қотирди. Натижага эса тасодиф туфайли эришди. 1958 йилда Момофуку ўз савдо дўконини очди. Тез орада унинг тезпишар лағмони машҳур бўлиб кетди. Ҳозирги кунда дунёда ҳар йили 44 миллиард порция тез тайёрланадиган лағмон ва вермишель истеъмол қилинади.

1943 йил (77 йил олдин) – биринчи британ реактив қирувчи самолёти, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган иттифоқчиларнинг ягона реактив самолёти “Глостор Метеор”нинг илк парвози амалга оширилди.

1946 йил (74 йил олдин) – Миссури штатидаги Фултон шаҳрида АҚШ Президенти Гарри Трумен иштирокида Уинстон Черчиллнинг “Совуқ уруш” бошланишига сабаб бўлган чиқиши юз берди. У Ғарб давлатларини СССРга қарши курашга чақирди.

1953 йил (67 йил олдин) – Собиқ Совет иттифоқининг мустабид ҳукмдори Иосиф Виссарионович Сталин (Жугашвили) вафот этди (таваллуди – 1878 йил). Сталин ўлимидан сўнг ҳокимият учун курашда Никита Хрущев ғолиб чиқди.

2013 йил (7 йил олдин) – Венесуэла давлат арбоби Уго Чавес вафот этди (таваллуди – 1954 йил). У 1999–2013 йилларда Венесуэла Президенти бўлган.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ