Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик марказида Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва Фан олимпиадалари маркази вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда умумий ўрта, ўрта махсус, бошланғич профессионал таълим ташкилотлари ўқувчиларнинг STEM фанларига бўлган қизиқишларини ошириш, иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш учун фан олимпиадасини ташкил қилиш, шунингдек, таълимни ривожлантиришда турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети ва Фан олимпиадалари маркази ўртасида қўшма қарор имзоланди ҳамда 2025 йилнинг апрель-июнь ойларида математика, физика, информатика ва ахборот технологиялари фанлари бўйича Иқтидорли болалар республика олимпиадасини ташкил этишга келишиб олинди.
Олимпиадани ўтказишдан мақсад юртимизда муҳандислик соҳасида фаолият олиб боришни хоҳловчи ёшларни тарбиялаш ва иқтидорли, қобилиятли ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, улардаги ижодий қобилиятларнинг рўёбга чиқишига кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашдан иборат. Олимпиада уч босқичда (туман, вилоят ва республика кесимида) ўтказилади.
Биринчи босқич (туман) – онлайн тарзда 1-7 апрель кунлари ташкил этилади. Биринчи босқичда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш, қатнашиш ва натижаларни аниқлаш testbor.uz таълим платформаси орқали амалга оширилади. Ҳар бир фан кесимида иштирокчилар орасидан баллар кетма-кетлигида 5 нафаргача ғолиб аниқланади. 1-5-ўринларни эгаллаган иштирокчилар ташкилий қўмитанинг қарори билан иккинчи босқичда иштирок этиш учун тавсия этилади.
Иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 13-20 май кунларида онлайн тарзда ўтказилади. Якуний танловда иштирок этиш учун иккинчи босқичда ҳар бир ҳудуд кесимида 1-5-ўринларни эгаллаган ўқувчилар саралаб олинади.
Учинчи босқич (финал босқичи) – 2-8-синф ўқувчилари учун онлайн шаклда ўтказилади. 10-11-синф ўқувчилари учун Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети биносида ўтказилади. 2-9-синф ўқувчилари орасидан топ-100 таликка кирган ўқувчиларга 6 та категория бўйича турли миқдорда пул мукофотлари берилади. 10-11-синф ўқувчилари орасидан математика, физика ва информатика фанлари бўйича топ-10 таликка кирган ўқувчилари 5 та категория бўйича турли хил техника воситалари билан тақдирланади.
Шунингдек, энг кўп ва энг тезкор тўғри ечим топган ўқувчиларга iPhone 16 телефони тақдим этилади. Математика, физика ва информатика фанларида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган (жами 18 нафар) ўқувчилар Аструм Кореа IT Академияси ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига 100 фоиз грант асосида имтиҳонсиз қабул қилинади.
Олимпиада мукофот жамғармаси 1 миллиард сўмни ташкил этади. Олимпиада якунида энг фаол иштирок этиб, юқори ўринларни қўлга киритган мактаб жамоасига бош соврин – "BYD Chazor" автомобили совға қилинади.
ЎзА