Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси ташаббуси билан республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Наманган давлат университети ҳамкорлигида “Глобал билим майдонида Янги Ўзбекистон ёшларининг муносиб иштирокини таъминлашда “Steam” таълимининг аҳамияти” мавзусидаги илмий-амалий конференция ўтказилди.
Университетнинг маънавият-маърифат марказида бўлиб ўтган ушбу нуфузли анжуман мамлакатимизда “Steam” йўналишини янада ривожлантириш, илм-фан ва амалий инновацияларни уйғунлаштириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш масалаларига қаратилиб, унда юртимизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган профессор-олимлар, партия фаоллари, депутатлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари “офлайн” ва “онлайн” тарзда иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари даставвал, Наманган шаҳридаги “Бобур шоҳ” кўчасида фаолият юритаётган “Steam plaza” нодавлат таълим муассасаси фаолияти билан танишди. Мазкур хусусий муассаса таниқли тадбиркор ва жамоат фаоли, биринчи даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Мадина Мўминова таъсисчилигида очилган бўлиб, ўсиб келаётган ёш авлодга илм-фан, технология, муҳандислик ва математика фанларини уйғунлаштирган ҳолда замонавий билим бериши билан ажралиб туради. Муҳими, ўқувчиларга ўзлаштирилган билимни амалиётда қўллай олиш, компьютер технологияларидан унумли фойдаланиш, ҳам жамоавий, ҳам мустақил ташаббусларни илгари суриш ўргатиб борилади.

Анжуманда сўзга чиққан “Адолат” СДП сиёсий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов, Наманган давлат университети ректори, тарих фанлари доктори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев мамлакатимизда замонавий таълим стандартларини амалиётга жорий этишни жадаллаштириш, илм-фан ва амалий инновацияларни уйғунлаштириш орқали ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилувчи “Steam” таълими давлат сиёсати даражасига кўтарилаётганлигини таъкидлади. Бинобарин, партия ва олий ўқув юртлари ўртасидаги ҳамкорлик таълимни модернизация қилиш, замонавий педагогик ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Конференцияда таълим соҳасида қабул қилинган муҳим ҳужжатларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “Баркамол авлод” болалар мактабларида “Steam” таълими жорий этилиши белгилангани, Президент мактабларида бу борада дастурлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси”да айни йўналишда ўқитувчилар салоҳиятини ошириш, замонавий давлат таълим стандартларини жорий этиш вазифалари белгилангани таълим ислоҳотларининг стратегик йўналишини белгилаб бериши таъкидланди.

Рақамлаштириш, илмий-амалий инновациялар асрида жаҳоннинг ҳар бир мамлакати таълимга катта эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ҳам ушбу жиҳатга алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан, олий таълим муассасалари сони, қабул квоталари ҳажми, илмий-тадқиқотларга йўналтирилган грантлар салмоғи ошиб бораётгани бунинг ёрқин тасдиғидир. Асосийси, таълим соҳасида очиқлик, рақобат, имкониятлар тенглиги тамойиллари устувор аҳамият касб эта бошлади. Бунинг натижасида юзлаб ёшларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадаларида, стартап танловларида, инновация кўргазмаларда муносиб қатнашмоқда.

“Steam” бу – илм-фан билан амалий ҳаётни, назария билан тажрибани, инжиниринг билан ижодни, технология билан санъатни уйғунлаштирувчи замонавий таълим модели ҳисобланади. Ривожланган давлатлар тажрибасига назар ташланса, уларда ҳам асосий эътибор ушбу йўналишга қаратилгани, таълим тизимини тўлиқ моделлар асосида шакллантирилганига гувоҳ бўлинади.
Чунончи, “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам ушбу жиҳат алоҳида эътиборга олинган. Жумладан, олий таълим муассасаларида ўқув сифатини янада ошириш партиянинг дастурий мақсадларидан биридир. Бунинг учун замонавий дарс услубларини ишлаб чиқиш, рейтинг тизимини жорий этиш, илғор халқаро амалиётни миллий таълим муҳитига олиб кириш таклифлари илгари сурилган.

Қолаверса, замонавий хорижий адабиётларни харид қилиш ва уларни ўзбек тилига ўгирилиши масаласи ҳам йўлга қўйилиши лозим. Чунки, замонавий илмнинг энг сўнгги ютуқлари, янги модель ва ёндашувлар, инновацион методлар хорижий илм мактабларида яратилмоқда.
Партия нафақат дастурий жиҳатдан, балки амалиётда ҳам бу вазифаларни рўёбга чиқариш учун қатор ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, илмий анжуманлар, давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этиш, ёш олимлар ва изланувчиларни рағбатлантириш бўйича махсус ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, таълим дастурларига “Steam” йўналишларини киритиш бўйича таклифлар тайёрламоқда.
Анжуманнинг пленар мажлисида Фарғона давлат университети педагогика кафедраси профессори, педагогика фанлари доктори Набижон Темиров, “Steam plaza” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Мадина Мўминова, Наманган давлат университети педагогика кафедраси профессори, педагогика фанлари номзоди Хайрихон Раҳматова, Андижон давлат педагогика институти педагогика факультети декани, фалсафа фанлари доктори, профессор Азизбек Эгамбердиев, Жиззах давлат педагогтка институти доценти, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Дилшод Ҳайдаров, “Zamrad” университети Бухоро Кампуси психология ва хотин-қизлар масалалари бўйича ректор ўринбосари Кимё Ёдгорова ва бошқалар Янги Ўзбекистонда таълимни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, бунда “Steam” таълимнинг ўрни, замонавий “Steam” таълимда математик моделлаштириш, бу янги методик технологиянинг таълим сифатини оширишдаги аҳамияти, дуал таълимни назарий-услубий асослари ва жорий этиш истиқболлари, “Steam” таълими орқали ёшларнинг билим олишида олийгоҳлар ва маҳалла институти ҳамкорлигини кучайтириш масалалари хусусида батафсил сўз юритди.
Анжуманда “Steam” таълими бўйича республика даражасида ягона методик марказ ташкил этиш, мактаб ва коллежларда айни шу йўналишда лабораториялар яратиш, олий таълимда ижодий-инженерлик йўналишларини янада кенгайтириш, ёшлар учун махсус грантлар ва танловлар жорий этиш, олий таълим муассасаларида янги йўналиш бўйича илмий-амалий марказлар барпо қилиш юзасидан билдирилган таклифлар “Адолат” СДП дастурий мақсадлари, юртимиздаги таълим сиёсати ва глобал ривожланиш тенденцияларига мос келади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА