Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Статистика салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида Корея билан ҳамкорлик
16:46 / 2025-05-21

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ўзаро ишонч ва манфаатли ҳамкорлик алоқалари янги мазмун касб этмоқда.

Бу ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ва амалий намунаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитаси ҳамда Корея Республикасининг “Statistics Korea” идораси ўртасида 2025–2028 йилларга мўлжалланган қиймати 3,8 миллион АҚШ долларлик йирик грант лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Айни кунларда мазкур лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишларнинг якуний босқичини муҳокама қилиш учун Корея статистика идораси вакиллари Миллий статистика қўмитасига ташриф буюрди.

“Статистика салоҳиятини ошириш” деб номланган мазкур лойиҳа Корея ҳукуматининг ривожланишга расмий ёрдам дастури – ODA доирасида молиялаштирилади ҳамда унда тўрт муҳим йўналишда кенг қамровли ишлар амалга оширилиши режалаштирилган.

Хусусан, биринчи йўналиш кадрлар салоҳиятини ошириш. Бунда Миллий статистика қўмитаси ходимлари учун Корея ва Ўзбекистонда ўқув курсларини ташкил этиш назарда тутилади.

Иккинчи босқичда малака ошириш тизимини моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида компьютер ва аудио қурилмалар билан жиҳозланган замонавий ўқув хоналари ташкил этилади.

Учинчи йўналишда CATI тизими жорий этилади. Бу компьютер ёрдамида телефон орқали интервью ўтказиш усули бўлиб, танланма кузатувларни тезкор ва аниқ амалга ошириш имконини беради.

Тўртинчи йўналишда маъмурий маълумотлар базаларини бошқариш тизими жорий этилади. Бу тизим орқали давлат органлари ўртасидаги маълумотлар интеграция қилинади ва статистик таҳлиллар автоматлаштирилган, ишончли платформаларда амалга оширилади.

-Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда статистика тизимини янада модернизация қилиш, рақамли технологиялар ва халқаро тажрибаларни жорий этишга қаратилган, - деди Миллий статистика қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасулов.- Муҳокамаларда кадрлар малакасини оширишга алоҳида эътибор берилди. Бу йўналишда Миллий статистика қўмитаси ходимлари учун Корея ва Ўзбекистонда ўқув курслари ташкил этилади, шунингдек, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида компьютер ва аудио қурилмалар билан жиҳозланган замонавий ўқув хоналари ташкил этилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА