Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Статистика методологиялари аудитдан ўтказилади
19:26 / 2020-11-09

Президентимизнинг 2020 йил 3 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистон Республикасининг миллий статистика тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида – расмий статистикани ишлаб чиқариш, тарқатиш ва мувофиқлаштириш мақсадида мамлакатнинг бутун миллий статистика тизими доирасида қўлланиладиган услубий асослар ва бошқарув тамойилларини такомиллаштириш белгиланган.

Шунга кўра, мазкур қарор билан Давлат статистика қўмитасига мамлакатдаги бошқа расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан аудитдан ўтказиш ҳуқуқи берилган.

Ушбу қарор ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 690-сон қарори билан расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг статистика методологияларини аудитдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур низомга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган статистика дастурларига киритилган расмий статистика ишлаб чиқарувчиларида статистика методологиялари ҳар беш йилда камида бир марта аудитдан ўтказиб борилади.

Статистика методологияларини аудитдан ўтказиш Давлат статистика қўмитасида ташкил этиладиган аудит гуруҳи томонидан алоҳида режа-жадвалга асосан амалга оширилади. Зарур ҳолларда, аудитда иштирок этиш учун халқаро экспертлар, илмий жамоатчилик вакиллари ва бошқа расмий статистика ишлаб чиқарувчиларнинг малакали мутахассислари жалб этилиши мумкин.

Аудит олинган ҳужжатлар ҳамда ахборотлар халқаро ва миллий стандартларга мувофиқ келиши ёки келмаслигини аниқлаш учун уларни халқаро ташкилотлар томонидан қабул қилинган методологик ҳужжатлар ва тавсиялар билан солиштириш йўли билан ташкил этилади.

Қуйидагилар аудитнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

фойдаланилаётган статистика методологияларини халқаро стандартларга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш;

ишлаб чиқарилаётган ва эълон қилинаётган статистик маълумотларнинг фойдаланилаётган статистика методологияларига мослигини аниқлаш;

аниқланган камчиликларни бартараф этишга, статистика методологияларини ва статистик маълумотларни ишлаб чиқариш фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ҳамда тавсиялар ишлаб чиқиш.

Аудит натижаларига кўра статистика методологияларида халқаро стандартларга мувофиқлик юзасидан камчиликлар аниқланган ҳолларда Давлат статистика қўмитаси томонидан ишлаб чиқарувчига мазкур камчиликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритилади.

Аудит ўтказилган ишлаб чиқарувчи тақдимномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ёки “йўл харитаси” ишлаб чиқади, уларнинг бажарилишини ташкил этади ва бу ҳақда белгиланган муддатларда Давлат статистика қўмитасига маълумотлар тақдим этилади.

Статистика методологияларини аудитдан ўтказиш натижалари ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрилган чоралар Давлат статистика қўмитаси ҳузуридаги Статистика кенгаши йиғилишларида муҳокама этиб борилади.

Расмий статистика соҳасида фойдаланилаётган статистика методологияларининг аудитдан ўтказиб борилиши натижасида мамлакатнинг бутун миллий статистика тизими доирасида қўлланиладиган услубий асосларни такомиллаштириш ҳамда уларни халқаро стандартларга мослаштиришга эришилади, пировардида расмий статистиканинг сифатлилиги, ишончлилиги, шаффофлиги ва ошкоралиги таъминланади.

Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати