Ўзбекистон иқтисодиётида инновация ва технологик тараққиёт асосий устуворликлардан бирига айланмоқда. Бу жараёнда стартап-компаниялар тобора муҳим ўрин эгаллаб бормоқда. Айниқса, логистика соҳаси — халқаро савдо, экспорт салоҳияти ва иқтисодий рақобатбардошликни белгилайдиган стратегик йўналиш сифатида эътироф этилмоқда.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан стартаплар, молиявий институтлар ва давлат идоралари вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда логистика соҳасидаги муаммолар, инвестиция имкониятлари ҳамда инновацион ечимлар кенг муҳокама қилинди.
Инвестициявий тўсиқлар ва молиявий ечимлар
Муҳокамаларда таъкидланганидек, стартаплар дуч келаётган асосий муаммолардан бири — капитал етишмовчилиги. Шу нуқтаи назардан:
— венчур фондлар, тижорат банклари ва насия савдо ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш,
— венчур компанияларининг таваккалчиликка тайёрлигини ошириш каби таклифлар билдирилди.
Суғурта хизматлари ва хатарларни бошқариш
Тадбирда ҳудудларда суғурта хизматларидан фойдаланишдаги қийинчиликлар қайд этилди. Бу муаммони ҳал этиш мақсадида:
— стартаплар учун соддалаштирилган суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш,
— суғурта компаниялари ва банклар билан пилот лойиҳаларни амалга ошириш белгиланди.
Солиқ ва божхона тизимини такомиллаштириш
Халқаро амалиётда кенг тарқалган ҚҚС қайтариш механизми ўзбекистонлик транспорт компанияларига ҳам татбиқ этилиши зарурлиги таъкидланди. Мазкур тизимни жорий этиш бўйича Давлат солиқ қўмитаси ва Иқтисодиёт вазирлиги билан ҳамкорликда ишлар олиб борилади.
Шунингдек, божхона постларидаги навбатлар, жараёнларнинг шаффоф эмаслиги каби муаммолар ҳам муҳокама қилинди. Вазирлик томонидан жорий қилинган электрон навбат тизимини кенг жорий этиш ва доимий равишда такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Ахборот етишмовчилиги ва жамоатчилик билан ишлаш
Логистика соҳасидаги кўплаб илғор стартаплар фаолият юритса-да, улар ҳақида кенг жамоатчилик етарлича хабардор эмас. Шу боис Савдо-саноат палатаси ва Транспорт вазирлиги томонидан тадбиркорлар ва аҳолига ахборот етказиб бориш механизмларини кучайтириш таклифи берилди.
Рухсатномалар ва “спекулятив” талаб
Халқаро ташувларда қўлланиладиган рухсатномаларнинг фақат юридик шахсларга чекланган миқдорда тақдим этилиши етишмовчилик ва спекулятив талабни келтириб чиқармоқда.
Тадбирда рухсатнома бериш жараёнини шаффофлаштириш, уни кенгроқ доирадаги иштирокчиларга тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди.
Янги молиявий маҳсулотлар — “Fuel Card” ва ско́ринг тизимлари
Стартапларнинг банк хизматларидан — хусусан, факторинг ва кредит карталаридан фойдаланиш даражаси паст экани қайд этилди. Шу муносабат билан ТИФ “Миллий банк” томонидан юк ташувчилар учун махсус “fuel card” тизими ишлаб чиқилиши белгиланди.
Шунингдек, “Didox” МЧЖ томонидан рақамли хизматлар тақдимоти ўтказилди. Юк ташувчиларнинг молиявий оқимлари асосида муқобил ско́ринг тизимларини жорий этиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Тадбир якунида иштирокчилар бир қатор муҳим хулосаларга келишди.
Стартаплар, давлат ва молия институтлари ўртасида доимий мулоқот зарурлиги қайд этиш, “Халқ банки” ва “Uzbekinvest” — логистика соҳасига мос суғурта маҳсулотларини ишлаб чиқиш, давлат банклари — факторинг хизматларини жорий этиш зарурияти борлиги айтилди.
Шунингдек, мазкур давра суҳбати Ўзбекистондаги стартаплар, давлат органлари ва молия институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга хизмат қилувчи самарали платформага айланди.
Муҳокамалар нафақат мавжуд муаммоларни очиб берди, балки уларнинг амалий ечимларини ҳам таклиф қилди. Ушбу жараён натижалари мамлакат логистика соҳасидаги рақобатбардошликни оширишга ва инновацион экотизимни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА