Ўзбекистон Республикаси Президенти “Стартапларни қўллаб-қувватлашнинг комплекс экотизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, қуйидагилар 2030 йилга қадар стартап экотизимини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари этиб белгиланди:
а) стартап лойиҳалар сонини 5 мингтага ҳамда жалб қилинган венчур инвестициялар ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш;
б) 500 та стартап лойиҳани қиймати 1 миллион АҚШ долларидан юқори, 100 та стартап лойиҳани қиймати 10 миллион АҚШ долларидан юқори ҳамда 25 та стартап лойиҳани қиймати 100 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган компанияларга айлантириш;
в) стартап лойиҳалар ишга тушиши натижасида 20 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш;
г) ёшларнинг 2 мингта стартап ғояларини тижоратлаштириш, камида 400 та стартап лойиҳасини халқаро бозорларга олиб чиқиш.
Ўзбекистонда стартап ғояни шакллантириш, лойиҳани ишлаб чиқиш, ишга тушириш ҳамда масштаблаштиришни ўз ичига қамраб олувчи тўрт босқичли стартап экотизими жорий этилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотларининг 9-11-синф ўқувчилари учун ҳар ойда камида икки маротаба стартап ғояларни яратишга ўргатувчи "Моҳирлик ва бизнес соати" тадбирлари ўтказилиши йўлга қўйилади. Бунда:
а) ўқувчилар ўртасида "Энг яхши стартап ғояси" танлови ўтказилади, туман даражасидаги ғолибларга 5 миллион сўмгача, вилоят даражасида - 10 миллион сўмгача миқдорда мукофот берилади, уларнинг лойиҳаларига Ёшлар ишлари агентлиги ва IT-парк ҳамролик қилади;
б) лойиҳалар ҳар чоракда ўқувчиларнинг ота-оналари, бизнес ва илмий ҳамжамият вакилларига тақдимот қилинади;
в) маркетплейслар билан ҳамкорлик ўрнатиб, таълим ташкилотларида яратилган маҳсулотларни сотиш йўлга қўйилади.
2026 йил 1 апрелдан бошлаб муаммо ва масалаларни краудсорсинг асосида ҳал қилишнинг қуйидаги тизими жорий этилади:
а) давлат органлари, ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар ўз соҳасидаги ечим талаб қилаётган муаммо ва масалалар бўйича:
краудсорсинг электрон платформасида эълон жойлаштириб, танлов ташкил қилади;
ҳар ойда стартап ташаббускорлари билан учрашувлар ("Стартап куни") ўтказади;
б) масалалар ечими юзасидан самарали деб топилган таклифлар бўйича лойиҳани амалга ошириш учун харид жараёнлари краудсорсинг электрон платформасида ўрнатилган тартибда амалга оширилади.
ЎзА