Америкалик тадбиркор Илон Маскнинг “SpaceX” компаниясига қарашли “Starlink” интернет-терминалини қонуний сотилиши ёки фаолияти йўлга қўйилмаган давлатларда ноқонуний сотиб олиш мумкин, деб хабар тарқатди “Блумберг” агентлиги тегишли манбаларга таяниб.
– Суриштирув жараёнида “Starlink” мажмуаларини ноқонуний фаоллаштириш ва сотиш билан боғлиқ масаллар юзага чиқди, – дейилган ахборотда. – “Starlink”ни контрабанда йўли билан олиб кириш ва қора бозордан осон топиш мумкинлиги тизимдан ёмон ниятда фойдаланиш орқали глобал муаммо келтириб чиқариш эҳтимолидан дарак беради.
Ўзини ошкор этмаган ғарблик дипломатлар нашрга хабар беришича, “Starlink” терминалларини, масалан, Суданда сотиб олиш мумкин. Мамлакатда мазкур тизимдан ҳукумат армиясига қарама-қарши турган Тезкор кучлар қўшини фойдаланмоқда. Суданлик чайқовчилар терминални Дубайда рўйхатдан ўтказади, сўнг самолётда Угандага олиб келади, кейин қуруқлик орқали Судан шимолига етказишади. Маҳаллий савдогарлардан бири айтишича, одамлар интернетга уланиш учун соатига икки-уч доллар тўлайди. Демак, бу жуда яхши бизнес.
Терминаллар АҚШ санкцияси амалда бўлган Венесуэлада ҳам сотилади, гарчи бу давлатда “Starlink” ишламаса ҳам, деб ёзган нашр.
ЖАР ҳукумати Маск таклиф этган интернетни ҳозирча мақулламаган, бироқ “тадбиркорлар” қўшни Мазамбикда фаоллаштирилган мажмуаларни ижтимоий тармоқ орқали сотишни ўзлаштириб олган. Ҳатто, “SpaceX” томонидан блокланган тақдирда ҳам, савдогар ноқонуний фаоллаштирилган терминални учинчи мамлакатда қайта рўйхатдан ўтказиб, яна фаоллаштириб оляпти. АҚШ ҳукуматида ишлаган собиқ амалдор таъкидлашича, Президент Жо Байден маъмурияти энди Маск терминаллари “душман қўлига тушиб қолмаслиги” учун экспорт назоратини кучайтириши мумкин.