English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Стандартлаштириш: халқаро стандартлар асосида ягона талаблар жорий этилиши мумкин
17:24 / 2023-12-20

Беларусь Республикасида бўлиб ўтган Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш бўйича давлатлараро кенгашининг (МГС) навбатдаги 64-йиғилишида Ўзбекистон миллий метрология институтининг масъул ходимлари ҳам иштирок этди.

Йиғилиш доирасида МДҲ иштирокчи-давлатлари техник жиҳатдан тартибга солиш, давлатлараро стандартлаштириш, метрология, мувофиқликни баҳолаш, аккредитация, меъёр ва қоидаларга риоя этилиши устидан назорат, сифат соҳасидаги ютуқлари учун “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мукофоти” танловини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.  

Шунингдек, 2024 йилда “МДҲ МГС энг яхши ёш метролог” халқаро кўрик танловини синов тариқасида ўтказиш, ўлчашлар бирлигини таъминлаш соҳасида асос бўлувчи норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқиш дастурини актуаллаштириш ва ижро ҳолати муҳокама этилди.  

Стандартлар бюроси – МГС масъул котиби Ўзбекистон вакилларининг МГС, илмий-техник комиссияси ва унинг ишчи гуруҳларидаги фаол иштироки ва ташаббускорлигига алоҳида тўхталди. Жумладан, тиббиёт соҳасидаги ўлчашлар ишчи гуруҳи фаолиятида Ўзбекистон миллий метрология институти ўлчаш функциясига эга бўлган МГС доирасида ягона тиббий техника рўйхатини шакллантиришга доир ва ISO 15189:2022 “Тиббиёт лабораториялари. Сифат ва компетентликка талаблар” халқаро стандарти асосида аъзо давлатларда фаолият юритувчи барча тиббий лабораторияларга талабларни бирхиллаштириш мақсадида давлатлараро стандарт ишлаб чиқиш ташаббуси муҳокама этилди.  

Давлатлараро техник қўмиталари фаолияти доирасида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган стандарт намуналар ва ўлчаш воситалари аъзо давлатлар бозорига олиб кирилишида ўлчаш натижаларини тан олинишида миллий идора томонидан халқаро ва давлатлараро стандартларга асосан мувофиқликни баҳолаш соҳасида тизимли ишлар ташкил этилиши йиғилиш қатнашчилари томонидан эътироф қилинди.  

Йиғилиш якуни бўйича қарорлар қабул қилиниб, тегишли баённомалар расмийлаштирилди.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА